Фирибгарликда айбланиб, Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган фуқаро Грузиядан Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
ИИВ маълумотига кўра, у Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда қидирилган. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида унинг Грузияда экани аниқланиб, икки мамлакат Интерпол миллий марказий бюролари ҳамкорлигида ушланган.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилиб, зарур ҳуқуқий тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг, шахс ўзбек томонига топширилган. У кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун Ўзбекистонга олиб келинган.
Расмий хабарда фуқаронинг исм-фамилияси, фирибгарлик тафсилотлари, етказилган зарар миқдори ва экстрадициянинг аниқ санаси очиқланмаган.