Филиппиннинг марказий ва жанубий ҳудудларида “Калмаеги” тўфони сабаб камида 140 киши ҳалок бўлди. Яна 127 киши бедарак йўқолгани ҳақида AFP маҳаллий ҳокимиятларга таяниб хабар берди.
Филиппиннинг Фуқаролик мудофааси миллий агентлиги 114 қурбонни тасдиқлаган, аммо бу рақам Себу провинцияси маъмурлари билдирган яна 28 нафар ҳалок бўлган фуқароларни ўз ичига олмайди. Илгари хабар қилинишича, тўфондан энг кўп зарар кўрган Себу провинциясида 93 киши ҳалок бўлган, 26 киши бедарак йўқолган.
Филиппин президенти кичик Фердинанд Маркос мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилгани ҳақида Associated Press хабар берди.
“Калмаеги” мintaқага кучли ёмғирлар ва бўронли шамолларни олиб келган. Ҳукумат қирғоқбўйи ҳудудларидан 400 мингга яқин аҳолини эвакуация қилди. Денгиз тўлқинларининг баландлиги 4 метрга етган. Ҳозирда тўфон Вьетнам томон ҳаракатланмоқда.
Филиппинда ҳар йили ўртача 20 га яқин турли кучли тўфонлар содир бўлади. Бу рақам 2025 йилда ортган бўлиб, йил охиригача яна 3–5 та тўфон бўлиши башорат қилинмоқда.