Бугун 2 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Фарзандлар таъминоти – ота-она мажбуриятларининг бири

Фарзандлар таъминоти – ота-она мажбуриятларининг бири

“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 64-модда.

Аёл ва эркак турмуш қурар экан, авваламбор, жамиятда янги бир оила пайдо бўлишига, ўз ўрнида ўзидан янги авлод – келажак эгаларини дунёга келтириш ва тарбиялаш масъулиятини юзага келишига сабаб бўлади.

Бу масъулиятни бир умр ҳис этиб яшаш, уни амалда бажариш эса, кези келганда, ҳар кимда ҳам бир хил намоён бўлавермайди. Турмуш ташвишлари, хилма хил ижтимоий муносабатлар эр-хотинда бола тарбиясини бир четга суриб қўйиб, ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга, оқибатда, ота-оналик вазифаларининг бажарилмай қолишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасига кўра, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

“Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидек, эр-хотин ўртасидаги тушунмовчиликлар тезда барҳам топиши мумкин, бироқ, арзимаган сабаблар билан биргаликдаги турмушларидан воз кечиб, ўзаро ажрашган ҳолда яшаётган ватандошларимиз ҳам учраб туради. Нима ҳам дердик, “бу уларнинг шахсий иши”, “ихтиёри ўзида” деб, бепарво бўламиз.

Бундай оилаларни ҳар биримиз биламиз, ташвишларидан хабардормиз.

Аммо, шу кезда, мазкур оилада туғилиб, ота-онасидан бирининг меҳридан, қарамоғидан маҳрум бўлиб қолаётган вояга етмаган болаларнинг тақдирига келганда, саволга жавоб берадиган, масъулиятни ўз зиммасига оладиган инсон топилмайди.

Келин-куёвнинг жанжали, қуда-анда келишмовчиликлари, мол-мулк талаш ва шу каби бир қанча низолар норасида болаларнинг тақдирини сояда қолдириб қўяди.

Шу онда, мазкур масалани ечиш, болалар манфаатлари йўлида одилона қарор чиқаришда суд идораларининг масъулияти икки ҳисса ортади.

Давлатимизда оналик ва болалик қонун ҳимоясида бўлиб, қонунчиликда болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор нормалар мавжуд.

Ушбу қонун нормалари билан бир қаторда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари – конвенция, пакт ва халқаро шартномалар бола ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда катта аҳамият касб этади.

Ҳар бир бола ўз исмига эга бўлиш, таълим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, энг асосийси вояга етгунига қадар ўз ота-онасидан таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Бундай таъминот унинг кундалик эҳтиёжларини қондиришга, бошқа болалардан кам бўлмаган шароитларда яшаш ва тарбияланиш учун етарли бўлиши лозим.

Судларга бериладиган, болалар таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги аксарият ариза ҳамда даъволарнинг кўп қисмини оналар – аёллар томонидан берилган аризалар ташкил этади. Бу эса, эр-хотиннинг ўзаро ажрашиб кетганидан кейин, ўртадаги вояга етмаган болаларнинг кўпинча онаси билан қолганлигидан далолат беради.

Ўзбек оиласида аёл, яъни хотин асосан уй-рўзғор ишлари билан шуғулланиш, бола парваришлаш ва уйдаги бошқа хўжалик ишлари билан банд бўлади, аксарият ҳолларда мустақил даромадга эга бўлмайди. Ушбу ҳолат, аёлнинг судга мурожаат қилиб, болалари таъминоти учун отадан алимент ундириб беришни талаб қилишга мажбур қилади.

Минг афсус, судларда бу тоифадаги ишлар кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддаси биринчи қисмида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги, иккинчи қисмида вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши белгилаб қўйилган.

Оила кодексининг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Суд буйруғи ёки ҳал қилув қарори асосида ундириш белгиланган алимент пулларини ўз вақтида тўлашда ҳам бир қанча муаммолар кўзга кўриниб қолади.

Булар жумласига қарздор, яъни ўзидан алимент ундириш белгиланган шахс (ота ёки она)нинг муқим иш жойи ва даромадга эга эмаслиги, мавжуд иш ҳақи миқдорининг камлиги, ёинки, қарздорнинг чет давлатига чиқиб кетганлиги боис, ундирувнинг имкони йўқлиги ва бошқалар.

Албатта, етарли даромадга эга бўлгани ҳолда алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган, суд ҳужжати ижросига бепарво бўлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Бундай шахслар амалдаги қонунчиликка кўра жавобгарликка тортилиши, охир оқибат ота-оналик ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинишлари мумкин. Қонунчиликда бу ҳолатлар ва уларни бартараф этиш йўллари аниқ белгилаб берилган.

Лекин, муаммо юзага келганидан кейин, тарафлар ўртасида турли хил низолар авж олган бир вақтда алимент пулларининг ундириб олинишида юқорида кўрсатиб ўтилган тўсиқлар ижро бўлимларининг иш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, алимент пулларининг ўз вақтида ва миқдорларда ундириб олиш имконини чеклаб қўймоқда.

Бу эса ўз навбатида болаларнинг керакли вақтда, биринчи навбатда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон воситалари билан таъминлашга, уларни ҳар томонлама етук, жамиятга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбиялашга тўсиқ бўлмоқда.

Миллий менталитетимизда бобо ва бувининг ўз набираларига бўлган меҳри баланд, болалар ота-онасидан ҳам кўпроқ бобоси ёки бувисини ёқтиради, бу ҳеч кимга сир эмас. Балки бу ҳолат болаларнинг туғилганидан бошлаб вояга етгунига қадар бўлган даврда ўз бобоси ва бувиси билан кўпроқ вақт ўтказганлиги, уларнинг панду-насиҳатларини эшитиб катта бўлганлигидандир. Бу албатта яхши ҳолат. Кўп ҳолларда ота-онадан бирининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг кундалик ташвишлари бобо ва бувининг зиммасида қолиб кетмоқда.

Лекин, муаммонинг ечимини топиш – давлат ва жамият тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишининг, авваламбор ҳуқуқшуносларнинг вазифаси ҳисобланади.

Ҳўш, нима қилиш мумкин? Эр-хотин турмуш қуриб, бирга рўзғор юритиб, бир нечта фарзандли бўлганидан кейин, ўзаро келишмовчилик туфайли ажрашиб кетганида, ўртада қолган болаларнинг таъминоти кимнинг зиммасида қолади?

Судга мурожаат қилаётган аксарият одамлардан “Турмуш ўртоғи ташлаб кетган, боласи билан ёлғиз қолди, эридан алимент ундириб беринг, топган пуллар тирикчиликка етмаяпти”, деган ташвишли эътирозларни кўп эшитамиз.

Аммо, бир ҳақиқатни тўғри англаш керак: бола таъминоти нафақат отанинг, балки онанинг ҳам мажбурияти. Болалари билан қолган она ҳам ота билан бир хил мажбуриятга, яъни болаларини таъминлаш мажбуриятига эга. Фақатгина эрнинг иш ҳақи ва даромадидан ундирилган алиментнинг ўзигагина яшаб, ҳам ўзи ҳам болаларини таъминотини ўйлаётган аёлларга қонун талабларини тўғри тушунтириш керак.

Энг асосийси, бу каби муаммоларнинг келиб чиқишини олдини олиш мақсадида тарафлар – йигит ва қиз никоҳга киргунига қадар қонун талабини тўлиқ англаб етиши, оила ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис этиши керак.

Авваламбор, никоҳланувчи шахсларни никоҳ шартномаси тузишга, мазкур шартномада биргаликдаги турмушлари даврида эр-хотин ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятларни ўзаро келишув асосида тартибга солишга ўргатишимиз керак.

“Шартнома?”, “Бу каби шартнома ҳам тузиладими?”, “Ахир биз яхши ният билан оила қурмоқчимиз, ажрашиш ниятимиз йўқ!” деган эътирозларни кўп айтишади.

Тўғри, яхши ният қилиш керак. Лекин, бу – ҳаёт, деганларидек, турмуш қуриш остонасида катта-катта ваъдаларни қилиб, кейинчалик, арзимаган келишмовчилик натижасида ўзаро ажрашиб кетиш ҳолатлари бор, бунда ўртадаги вояга етмаган болалар тақдирини олдиндан ўзаро келишиб олиш, менимча, ҳеч кимнинг ҳуқуқларини чекламайди.

Ахир, ҳозирда оммалашиб кетган тарзда оддий дўкондан пулини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан телевизор ёки кир ювиш машинаси сотиб олишда, коммунал хизматлардан фойдаланишда, олий таълим муассасаларида тўлов-контракти асосида ўқишда шу “Шартнома”ни тузишда муаммолар мавжуд эмас-ку.

Нега энди, бир умрлик ҳаёт давомида юзага келиши мумкин бўлган, оқибати ҳар икки тарафга ҳам салбий таъсир этиши мумкин бўлган вазиятлар хусусида эр ва хотин олдиндан ўзаро келишиб олмаслиги керак?

Бу албатта ҳар бир кишининг ихтиёри. Лекин, ҳозирда бу каби тушунтиришлар берилмаса, кўпроқ тарғибот ишлари олиб борилмаса, кейинроқ янада кеч бўлиши мумкин.

Ҳозирда юзага келаётган, эр-хотин ўртасидаги турли зиддиятли ҳолатлар мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлоднинг ҳар тарафлама камол топиши ва улғайишига ўз таъсирини ўтказаётган бир вақтда, барча – ёш келин-куёвлар, ота-оналар ва уларнинг яқин қариндошлари, оила ва болаларнинг манфаатларига дахлдор фаолият билан шуғулланаётган ҳар бир давлат ва нодавлат муассасалар, идора ва ташкилотларнинг ягона мақсади: мамлакатда ҳуқуқий жамият, соғлом оила, маънан етук инсонларни дунёга келтириш ва тарбиялашдан иборат бўлиши керак.

Ҳар бир бола дунёга гўзал назар ва эзгу тилак билан боқади. Унинг назарида дунё бир эртак каби, унда ёвузлик ва жаҳолат, қахр ва ғазаб, ёмонлик мавжуд эмас.

Боланинг бундай назар билан катта бўлиши эса ота-онанинг асосий вазифаси ҳисобланади. Қорни тўқ, бировдан кам бўлмай, боғча ёки мактабига бориб келаётган, зарур билим ва кўникмаларни эгаллаётган бола келажак эгасидир.

Шундай экан, ҳар биримиз вояга етмаган болалар таъминотига алоҳида масъулият билан ёндошишимиз, алимент мажбуриятларини бажармаган ота-оналарга унинг салбий оқибатларини тушунтиришимиз, асосийси, бу каби низоларнинг келгусида келиб чиқмаслиги учун эр-хотинни ўзаро келиштириб, болалар таъминотига оид мажбуриятларини ягона ҳуқуқий ҳужжатда – шартномада белгилаб қўйилишини таъминлашимиз лозим.

Шартнома тузиш ҳар бир эр ва хотинда биргаликдаги турмушлари ва оиласига алоҳида масъулият билан муносабатда бўлишини таъминлайди, низо келиб чиққанида уни тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишига сабаб бўлади.

Энг асосийси, оиладаги вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиради.

Нодир Сулайманов,

Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Киритилди: 10:46 24.05.2022. Ўқилди: 8140 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!