Бугун 17 октябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Фарғонада салкам 500 млн сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Фарғонада салкам 500 млн сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида мусодара қилинган катта миқдордаги ноқонуний тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинди. Ушбу жараён контрабандага қарши курашнинг қатъийлигини яна бир бор намоён этди.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими томонидан 12 та ҳолатда умумий қиймати 486 миллион сўм бўлган, жами 34.600 қути ноқонуний тамаки маҳсулотлари аниқланиб, тегишли суд қарорлари асосида мусодара қилинган эди. Ушбу ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш мақсадида, Фарғона шаҳри четида жойлашган махсус чиқинди полигонида кенг кўламли тадбир ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Божхона органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари (журналистлар, блогерлар) ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мусодара қилинган тамаки маҳсулотлари холислар иштирокида синчковлик билан саноқдан ўтказилди. Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, маҳсулотлар белгиланган тартибда ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинди.

Бюронинг Фарғона шаҳар бўлими бошлиғи Ф.Ғиёсов таъкидлашича, бу каби ноқонуний йўллар билан юртимизга олиб кирилаётган тамаки маҳсулотлари нафақат мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказади, балки аҳоли саломатлигига ҳам катта хавф солади. Уларнинг сифати кафолатланмаганлиги сабабли истеъмолчилар учун янада хатарлидир. Шу боис, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний товарлар айланмасига қарши курашни доимий равишда кучайтириб бормоқда.

Мазкур акция мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келаётган контрабанда маҳсулотларига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қатъияти ва изчиллигини яна бир бор исботлади. Бундай тадбирлар контрабандага қарши курашнинг самарали механизмларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Киритилди: 17:13 14.10.2025. Ўқилди: 731 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!