Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Фарғонада Ички ишлар ходими қўшмачи аёлдан пора сўради ва жинсий алоқа таклиф қилди

Фарғонада Ички ишлар ходими қўшмачи аёлдан пора сўради ва жинсий алоқа таклиф қилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак”, дея алоҳида таъкидлаганди. Аммо...

Аммо давлатимиз раҳбари ишонч билдирган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимининг ўзи коррупцияга оид жиноятга қўл урса-чи? У ҳолда бошқа тизим масъулларидан нимани кутиш мумкин?

Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов (мақолада барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам жиноятга муросасиз бўлиш ўрнига жиноятчининг ноқулай вазиятидан “унумли” фойдаланиб қолишга уринди. Яъни шахсий манфаатини ўйлаб, жиноятчини пора беришга ундади.

Гап шундаки, 2020 йил 19 апрель куни Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан “Орият” тадбири ўтказилади. Мазкур тадбирда шаҳарнинг “Янги Аср” кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи, муқаддам одам савдоси жинояти учун судланган ва жазо муддатини ўтаётган Шоира Файзиматова ўз уйида фуқароларнинг кўнгилхушлиги учун шароит яратиб, қўшмачилик қилаётгани аниқланади. Шу боис айни ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга юборилади. Натижада Ш.Файзиматовага нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.

Маълум бўлишича, “Орият” тадбирида бошқарма катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов ҳам иштирок этади. Бинобарин, Шоиранинг қадрдонларидан бири Гулёра Жалилова унга қўнғироқ қилиб, дугонасига ёрдам беришини илтимос қилади. Натижада Д.Абдуллажонов воқеанинг эртасига — 2020 йил 20 апрель куни Шоира билан учрашади.

— Аввал одам савдоси жинояти билан судланган экансиз. Қўшмачилик ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Шунинг учун тергов жараёнида сизни қамаб қўймаслигини терговчи билан гаплашиб беришим мумкин. Фақат бунинг эвазига унга икки минг доллар бериш керак, — дейди у. Кейин яна қўшиб қўяди: — Дугонангиз илтимос қилгани учун ёрдам бермоқчиман. Қолаверса, ўзим ҳам сизни ёқтириб қолдим.

Буни қарангки, Дилмурод шундай деб кейинги учрашувда қўшмачи қизни жинсий алоқа қилишга таклиф этади. Ноилож қолган Ш.Файзиматова эса худди бўрининг қаршисида турган қўзидек унинг таклифини қабул қилади.

Шундан сўнг тезкор ходим ҳафта-ўн кун ичида Шоиранинг уйида бир неча марта кўнгилхушлик қилади. Лекин ҳар галги учрашувда пулни қистайверади. Қолаверса, аёл билан қилаётган айшу ишратини хаспўшлаш учун “антиқа” баҳона ўйлаб топади.

— Тергов муддати уч ой, суд жараёни ҳам икки ойча давом этади. Унгача мана шундай учрашувларимиз туфайли ҳомиладор бўлиб олсангиз, судда сизга анча енгиллик берилади, — дея ўзини ҳар жиҳатдан ҳожатбарор қилиб кўрсатади 2020 йил 1 май кунги учрашувда ҳам.

Аммо Ш.Файзиматова ўзининг чорасиз вазиятидан фойдаланиб қолмоқчи бўлаётган қонун ҳимоячисининг сўнгги кунлардаги ҳаракатларидан шубҳаланади ва унга қонуний чора кўришни сўраб, ДХХ  Фарғона вилоят бош­қармасига мурожаат қилади. Оқибатда 2020 йил 3 май куни Д.Абдуллажоновга нисбатан тезкор тадбир ўтказилади.

— Қаердасиз, учрашамизми? Номини айтмай қўяверай, ҳалиги нарса тайёр, — дейди Шоира телефон орқали пулга ишора қилиб.

Шу боис кўп ўтмай Дилмурод аёлнинг уйи ёнига етиб келади. Сўнг хизмат машинаси ичида келишилган пулнинг 1500 АҚШ долларини олаётганда ушланади. Негаки Д.Абдуллажонов қолган 500 АҚШ долларини гаров пули тариқасида тўлаш учун Ш.Файзиматованинг ўзига қайтариб беради. Пировардида унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а”-банди, 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди эса айбдорни озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур жиноят иши кишини жиддий фикр-мулоҳаза юритишга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини бўлса, ундан тегишли хулоса чиқаришга ундайди. Айтайлик, оддий фуқаро жиноятга қўл урса, қонунни билмагани, қилмишининг ҳуқуқий оқибатини тушунмаганини асосий важ сифатида келтиради. Лекин ўзи ички ишлар органининг катта тезкор вакили бўлган шахс­нинг нафс домига тушганини қандай изоҳлаш мумкин? Наҳотки, у Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши мислсиз кураш олиб борилаётганини ҳанузгача теран англаб етмаган бўлса?

Президентимиз шу йилнинг 30 июнь куни бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида коррупцияга қарши курашиш масаласига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қў­шимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши эса бу борада яна бир дадил қадам бўлди. Шундай экан, биз, судьялар ва суд тизими ходимлари коррупцияга қарши курашиш жараёнида бошқаларга ўрнак бўлишимиз шарт. Айниқса, жиноят ишлари бўйича судлар судьялари коррупцияга оид ишларни кўриш билангина чекланиб қолмай, жойларда ўтказилаётган сайёр суд мажлисларида ҳам­юрт­ларимизга бу иллатнинг аянчли оқибатларини, хусусан, пора бериш, пора беришга далолат қилиш ва воситачилик қилиш ҳам жиноят эканлигини кенгроқ тушунтиришлари керак.

 

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Фарғона туман судининг раиси

Киритилди: 12:27 27.07.2020. Ўқилди: 12633 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!