Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ) маълумотларига кўра, Фарғона водийси тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси бўйича мамлакатда энг ёмон кўрсаткичларни қайд этмоқда. 1 ноябрь ҳолатига "яширин" бозор улуши Ўзбекистон бўйича 8,9 фоизни ташкил этган бўлса, водийда бу кўрсаткич 18,8 фоизга етган.
Айрим шаҳарларда вазият янада оғир:
Марғилон – 42,5%
Наманган – 33,7%
Қўқон – 25,2%
Йил бошидан 10 ой давомида давлат бюджетига қарийб 411,5 млрд сўм тўлиқ тушмай қолган. Шундан 151,5 млрд сўм фақатгина водий ҳиссасига тўғри келади.
ТДИУ таъкидлашича, рейдлар ва маҳсулотларни олиб қўйиш чоралари кўрилганига қарамай, вазият сезиларли яхшиланмаяпти. Агар айрим ҳудудларда сотилаётган ҳар учинчи тамаки қутиси акцизсиз бўлса, демак, назорат тизими самарали ишламаётгани аён.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда ноқонуний савдо учун на фақат сотиш, балки контрабанда маҳсулотларни сақлаш ва ташиш бўйича ҳам қатъий жазо чоралари мавжуд эмаслиги яширин бозор ўсишига замин яратмоқда.