Бугун 3 ноябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Фарғона тинчлик форуми: барча даврларда долзарб бўлган ҳамжиҳатлик анъанаси

Фарғона тинчлик форуми: барча даврларда долзарб бўлган ҳамжиҳатлик анъанаси

15 -16 октябрь куни Фарғона шаҳрида биринчи халқаро тинчлик форуми ўз ишини бошлади. Тинчликни сақлаш соҳаси мутахассислари ва етакчи дипломатлар этник хилма-хилликка эга бўлган Фарғона водийси минтақасида тинчликни мустаҳкамлашда асосий омил бўлган Марказий Осиёдаги ҳамжиҳатликнинг азалий анъанасига юксак баҳо беришди.

17 миллион атрофида аҳоли яшаётган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларидаги бу кенг минтақа, ўн йиллар давомидаги кескинликлардан кейин, тинчлик ўрнатишнинг муваффақиятли намунасига айланди. Бу ердаги тинчлик ва барқарорликнинг қайта тикланишига Марказий Осиёдаги уч давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов жорий йил март ойида Хўжанд шаҳрида Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация ва Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши қадимий тинч-тотув яшаш анъанасини қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

У Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей 80-сессиясида айтган сўзларини эслади: "Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низо ва можаролар даври ўтмишда қолди. Бугун Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди.

Ўнлаб йиллар давомида Фарғона водийси мураккаб зиддиятлар ҳудуди сифатида қабул қилинди. Бугун эса у яхши қўшничилик, очиқлик ва биргаликда бунёдкорлик орқали ишончсизликнинг тарихий меросини қандай енгиб ўтиш мумкинлиги бўйича намунага айланмоқда," — деди Элдор Арипов.

"Фарғона шунчаки водий эмас. Бу Марказий Осиёнинг кўзгусидир. Агар бу ерда тинчлик бўлса, у бутун минтақада аксланади," — дея қўшимча қилди у.

Форум СМТИ томонидан Прогрессив ислоҳотлар маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Тинчлик ўрнатиш хаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.

"Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусидаги тадбир Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Тожикистон Республикаси Миллий фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари муаммоларини ўрганиш институти билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Форум асосий халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан қўллаб-қувватланди. Тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан 300 га яқин тинчликпарвар ва можароларни ҳал қилиш бўйича экспертлар иштирок этди.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода Фарғона водийси шунчаки географик макон эмас, балки минтақа халқларини бирлаштирган бой маънавий ва маданий меросга эга ҳудуд эканлигини таъкидлади.

Форум очилишида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс, ЕХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази директори Кейт Фирон, ОҲИЧК бош котиби Қайрат Сарибай, ШҲТ бош котиби ўринбосари Хан Сохайл табрик сўзлари билан чиқиш қилди.

16-октабр куни, форумнинг иккинчи кунида, водий халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро тушунишни ифодаловчи (Бирдамлик куни) “Интимак куни” (“Ягона бирлик куни”) илк бор нишонланади.

Киритилди: 12:44 16.10.2025. Ўқилди: 688 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!