Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 12-13 июнь кунлари вилоятимизга ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Фарғонанинг эртанги кун истиқболи билан боғлиқ кўплаб эзгу ташаббусларни илгари сурган эди.
Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари дастлаб Қува туманидаги Фарғона анорчилик масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти билан танишгани бежиз эмас. Боиси мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида вилоятимизда боғдорчиликни ривожлантириш, мева-сабзавотлар экспортини ошириш мақсадида ўнлаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, бу борада салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
Айни кунларда ташриф доирасида белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида Фарғона анорчилик агрофирмасида дунёга машҳур янги анор навларини яратиш, вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида анорзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Белгиланган режага кўра, вилоят ҳокимлиги кўмагида шаҳар-туманларимизда жорий йилнинг ўзида 5 минг гектар янги анорзорлар ташкил этиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда,-дейди Фарғона анорчилик МЧЖ шаклидаги агрофирма раҳбари, Фарғона давлат университети фахрий профессори Мастурахон Сайфуддинова. Шу мақсадда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Тешаев, шаҳар-туманлар ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари ва мутахассислари иштирокида жойларда амалий семинарлар ўтказиляпти. Янги анорзорлар ташкил этишга бағишлаб ўтказилган 10 дан ортиқ шаҳар-туманлардаги семинарлар давомида анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ва экотуризмни йўлга қўйишнинг истиқболлари хусусида амалий тавсиялар берилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Фарғона анорчилик агрофирмаси қошида Фарғона анорчилик мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда агрофирма мутахассислари ҳамкорлигида бу ерда тармоқда янги иш бошлаётганлар учун амалий семинарлар ташкил этиляпти. 17 декабрдан бошланган амалий семинарларнинг дастлабкисида Қува ва Тошлоқ тумани, Қувасой шаҳридан ташриф буюрган янги лойиҳалар ташаббускорлари қатнашдилар.
Ҳозирги кунда 2 гектар анорзоримиздан мўл ҳосил етиштириб, Россияга экспорт қилмоқдамиз, дейди Қува туманидаги Роҳатой фермер хўжалиги раҳбари Авазбек Тешабоев. Эзгу ташаббслардан руҳланган ҳолда туманнинг қир-адир ерларидаги қаровсиз турган 15 гектар ерда ўз маблағимиз ҳисобидан анорзор барпо этишни режалаштиряпмиз. Шу мақсадда туман ҳокимлигига фермер хўжалигимиз номидан ариза тақдим этдик. Аслида туманимиз қир-адирларида юзлаб гектар ўзлаштирилмай ётган бўш ерлар мавжуд. Бу жойларда анорчилик, пистачиликни ривожлантириш, ёнғоқзорлар ташкил этиш мумкин.
Олтиариқ туманида жорий йилда 380 гектар ерда анорзорлар барпо этиш ишларига киришилди. Бунинг учун Фарғона анорчилик агрофирмасидан шартнома асосида 387 минг туп анор қаламчалари олиб келиш режалаштирилди. Айни кунларда эзгу ташаббусни рўёбга чиқариш учун 1 миллиард 72 миллион сўм маблағ зарурлиги ҳисоб-китоб қилинди.
Қизилтепа массивида бўлиб ўтган амалий семинарда вилоят ҳокими 93 нафар лойиҳа ташаббускорларига анорчилик тармоғини ривожлантириш бўйича ўз тавсияларини берди, дея суҳбатимизни давом эттиради Олтиариқ тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ҳаётжон Қорабоев. Шу асосда туманимизнинг қир-адир, дашт ерларида анорзорлар барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунда Олтиариқ туманининг Қизилтепа массивида Фарғона анорчилик агрофирмаси мутахассислари томонидан намунавий тарзда анорзорлар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу юмушларнинг сифатли, белгиланган агротехник тадбирлар доирасида амалга оширилиши вилоят ҳокимлиги эътиборида. Ҳар бир жараён ҳаётий ва илмий тажрибани ўзаро уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилиши таъминланяпти.
Олтиариқда узумчилик тармоғи яхши ривожлангани барчамизга яхши маълум, деди вилоят раҳбари. Аммо анорчилик тармоғини ривожлантириш орқали даромад салмоғини узумчиликка қараганда бир неча баробар ошириш мумкин. Бунинг учун Қапчуғай масссивидаги кам ҳосилли боғ-роғлар, қир-адир, дашт ерларида янги анорзорлар ташкил этиш ўринлидир. Бу ҳудудда агротуризм, экотуризмни ривожлантириш учун ҳам қулай имкониятлар бор. Айни жиҳатларни инобатга олиб, ҳар бир лойиҳа ташаббускорига ўртача 1 гектардан ер ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шу билан бирга илғор инновацион ғоя ва илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш зарур. Агротехник тадбирлар ўтказишда янгича ёндашув, қатор орасига маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ишлов бериш, томчилатиб суғориш сингари самарали ҳамда тежамкор усуллардан унумли фойдаланиш керак.
Риштон туманининг Марказий Фарғона ерларида жойлашган Мангуберди боғлари фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинарда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, лойиҳа ташаббускорлари, фермерлар, ирригатор ва ветеринарлар иштирок этишди. Семинар қатнашчиларига вилоят ҳокими Ш.Ғаниев, вилоят ҳокими ўринбосари Ш.Тешаев, Фарғона анорчилик агрофирмаси раҳбари М.Сайфуддиновалар томонидан амалий тавсиялар берилди.
Бу йил Риштон туманида 300 гектар ерда анорзорлар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 649,7 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб 250 минг тупга яқин анор кўчатлари экилади. Бугунги кунгача 40 нафар лойиҳа ташаббускорларидан аризалар олиниб, уларга ер майдонлари ажратилди. Ўз навбатида 21 нафар лойиҳа ташаббускорлари билан белгиланган тартибда шартнома имзоланишига эришилди.
Дарҳақиқат, анорчилик улкан даромад манбаи сифатида истиқболли тармоқдир. Камёб ва шифобахш неъмат сифатида анор замонавий тиббиёт ва табобатда жуда ҳам фойдали ҳисобланади. Жаҳон бозорида эса ушбу маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф юқорилиги эса вилоятимизда анорчилик тармоғини ривожлантириш бугунги кун талаби эканлигини англатади. Бу тармоқ вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ривожи ва мева-сабзавотлар экспорти ҳажмини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Яқин истиқболда инвестиция дастурлари доирасида вилоятимизга Европадан қадоқлаш, маҳсулот қабул қилиш, ювиш ва саралаш ускуналари, музлатгич агрегатлари келтириб ўрнатиш режалаштирилмоқда, дейди М.Сайфуддинова. Натижада нафақат анор етиштириш, шу билан бирга анор шарбати, сараланган анор доначалари, қадоқланган анор тайёрлаш ҳамда экспорт қилиш ҳажми йилдан йилга ортиб боради. Бунинг учун вилоятимизда қулай иқлим шароити ҳамда ҳуқуқий ва иқтисодий асослар яратилган.
Айни кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида белгиланган устувор вазифалар доирасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Manba: haqiqat.uz