БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида онлайн чиқиш қилган Маҳмуд Аббос Фаластин байроғи осмонда мангу ҳилпираши, фаластинликлар ватанини тарк этмаслиги ва зайтун дарахтлари каби илдиз отган ҳолда қолишини билдирди.
Маҳмуд Аббоснинг нутқидан асосий иқтибослар:
◾️ Исроил армиясининг Ғазодаги уруши оқибатида фаластинликлар геноцид, вайронагарчилик, очарчилик ва мажбурий кўчирилишни бошидан кечирмоқда. Исроилнинг ҳаракатлари шунчаки тажовуз эмас, бу уруш ва инсониятга қарши жиноятдир;
◾️ Қарийб икки йиллик жанглар давомида 220 мингдан ортиқ фаластинлик ўлдирилган ёки яраланган, икки миллиони эса блокада туфайли очликдан азият чекмоқда;
◾️ Ғазодаги уйлар, мактаблар, шифохоналар, черковлар, масжидлар ва инфратузилмаларнинг 80 фоиздан ортиғи вайрон бўлган;
◾️ Ғарбий Соҳилни эгаллаш, босиб олинган Қуддусни изоляция қилиш тинчлик келишувларига таҳдид солмоқда;
◾️ Ғазо сектори Фаластин давлатининг ажралмас қисмидир ва Фаластин маъмурияти унинг бошқаруви ва хавфсизлиги учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр;
◾️ ҲАМАС Фаластин маъмуриятини бошқаришда ўринга эга бўлмайди, улар қуролларини ташлаши керак;
◾️ Фаластин халқи бошидан кечирган барча дахшатларга қарамай, биз 7 октябр кунги ҲАМАС томонидан қилинган ҳужумни қоралаймиз. Тинч исроилликларга қарши ҳаракатлар, уларни гаровга олиш ҳаракатлари Фаластин халқи, унинг озодлик ва мустақиллиги учун адолатли курашини ифодаламайдин;
◾️ Адолатсиз тинчликка эришиб бўлмайди, Фаластин озод қилинмаса, адолат ҳам бўлмайди. Фаластинликлар ҳеч қачон ўз ватанлари ва ҳуқуқларидан воз кечмайди.