Бугун 11 август, 2025 йил, душанба

O'ZB

Европага жазирама хавф солмоқда

Европага жазирама хавф солмоқда

Испания ва Португалияда ўрмон ёнғинлари хавфи юқорилиги эълон қилинди. Скандинавия мамлакатларида ҳаво ҳарорати рекордларни янгилаяпти. Польшада бўронлар ва момақалдироқли кучли ёмғирларга тайёргарлик кўриляпти. Бу ҳақда Еuronews телеканали хабар берди.

Португалияда ўрмон ёнғинлари хавфи юқорилиги сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Мамлакатда кучли жазирама кузатиляпти. Синоптиклар ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича ортиқча 36 дан 44 даражагача бўлишини башорат қиляпти.

Фавқулодда хизматлар юқори шай ҳолатга келтирилди. Ёнғин туфайли Дуэро дарёси водийсидаги қишлоқ аҳолисини эвакуация қилишга тўғри келди.

Климатологларнинг фикрига кўра, бундай ғайритабиий об-ҳавонинг изоҳи шундаки, Шимолий Африкадан келган иссиқ ҳаво массалари Пиреней ярим оролида осилган.

Испанияда бу ёзда иккинчи марта жазирама кузатилди ва бу ҳафта охиригача давом этиши кутиляпти. Ҳар икки мамлакатда жазирама душанба ва сешанба кунлари энг юқори чўққига чиқади. Кантабрия ва Канар ороллари бундан мустасно, бутун минтақа учун ноқулай об-ҳаво шароити учун "қизил огоҳлантириш" эълон қилинган.

Нисбатан салқин ёзга ўрганиб қолган Скандинавия мамлакатлари ҳам мисли кўрилмаган юқори ҳароратдан азият чекяпти.

Олимларнинг айтишича, минтақа 1960 йиллардан буён энг узун иссиқлик тўлқинини бошдан кечиряпти. Финляндияда июль ойида симоб ҳарорати уч ҳафта давомида Цельсий бўйича 30 даражадан пастга тушмади. Швецияда ҳам худди шундай ҳарорат 12 кун давом этган.

Польшанинг шарқий қисмида момақалдироқ, ёмғир ва дўл ёғиши ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. 80 км/соатгача кучли шамол эсиб, 45 мм гача ёғингарчилик кутиляпти.

Аҳоли яна бир жазирама тўлқинига тайёрланяпти: бир қатор ҳудудларда ҳарорат 30 °C атрофида сақланиб қолади.

Италияда узоқ давом этаётган чидаб бўлмас жазирама ниҳоясига етяпти, об-ҳаво хизматлари далда бермоқда. Баъзи ҳудудларда, хусусан, Адриатик соҳилида кучли ёмғир бошланди.

Киритилди: 15:15 04.08.2025. Ўқилди: 815 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!