Европа Иттифоқи соғлиқни сақлаш идоралари ёз мавсумида чивинлар орқали юқадиган касалликлар – Ғарбий Нил вируси ва чикунгунья бўйича рекорд даражада кўп ҳолатлар аниқланганини маълум қилди.
Европа Касалликларни олдини олиш ва назорат маркази (ECDC) хабарига кўра, бу йил континентда чикунгунья билан касалланишнинг энг юқори кўрсаткичи – 27 та ҳолат қайд этилди. Шунингдек, Ғарбий Нил вируси билан 335 ҳолат аниқланиб, сўнгги уч йилдаги энг юқори даражага етди.
ECDC директори Памела Ренди-Вагнернинг таъкидлашича, Европа янги босқичга кирмоқда: энди узоқроқ ва кучлироқ тарқалиш билан кечадиган чивинлар орқали юқадиган касалликлар “янги норма”га айланмоқда.
Мутассадиларнинг қайд этишича, иқлим ўзгариши – иссиқ ёзлар, енгил қиш ва ёмғир режимининг ўзгариши чивинлар кўпайиши учун идеал шароит яратиб, вируслар тарқалишини кучайтирмоқда.
Ҳозирги пайтда чикунгуньяни тарқатувчи “Осиё йўлбарс чивини” 16 мамлакат ва 369 та ҳудудда аниқланган, бу кўрсаткич ўн йил олдин 114 та ҳудуд бўлган. Ғарбий Нил вируси эса ҳар йили янги ҳудудларда қайд этилмоқда. 2025 йилда Румыниянинг Сэлаж уезди, Италиянинг Латина ва Фрозиноне провинцияларида ҳам илк бор қайд этилди ва вирусдан камида 10 киши ҳалок бўлди.