Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг айтишича, ўтган ёз Европа учун «сўнгги тинч ёз» бўлган бўлиши мумкин.
«Биз ҳар доим Россиянинг НАТОга ҳужум қилиши 2029 йилда юз бериши мумкин деб ҳисоблаб келганмиз. Аммо ҳозир эскалация эҳтимоли 2028 йилда ҳам бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Айрим ҳарбий тарихчиларнинг фикрича эса, биз аллақачон сўнгги тинч ёзни бошдан кечирдик», — деди вазир.
Писториусга кўра, НАТО армиялари шошилинч равишда модернизация ва қайта қуролланишга муҳтож.
Германия бунинг учун тайёрланмоқда. 2027 йилдан бошлаб фавқулодда ҳолатда чақириладиган бўлажак ҳарбий хизматга яроқли фуқароларни аниқлаш мақсадида тиббий кўриклар ўтказила бошлайди. Шунингдек, мамлакат муҳофазасини кучайтириш учун йирик захира армияси тузиш режалаштирилган.
Канцлер Фридрих Мерц бугунгача Бундесверни Европанинг энг кучли армиясига айлантиришга ваъда берган. Писториус эса ҳужум бўлса, Германия «рус аскарларини ўлдиришга тайёр» эканини айтган.
Немис мудофаа вазирининг сўзларига кўра, тинчлик фақат куч ва ҳимояга тайёрлик туфайли сақланиб турибди.