Россиянинг янги ҳужумлари ва қиш мавсуми яқинлашаётгани фонида Европа Россияга босимни кучайтиришда ҳамда Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кенгайтиришда давом этади.
Бу ҳақда Парижда бўлиб ўтган Франция, Германия, Италия, Польша ва Буюк Британия (Е5 давлатлари) мудофаа вазирлари учрашуви иштирокчилари маълум қилган. Учрашувда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас, Европа комиссияси комиссари Андрис Кубилюс ҳамда НАТО бош котибининг ўринбосари Радмила Шекеринска ҳам қатнашган.
«Украинада тез орада тинчлик ўрнатилишига умид қилиш учун асослар кам», — деди Кая Каллас матбуот анжуманида. Унинг таъкидлашича, Россия сўнгги кунларда яна Киевга оммавий зарбалар берган ва Қора денгиздаги фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.
Калласнинг сўзларига кўра, октябрь ойида Европа Иттифоқи уруш бошланганидан буён жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан энг йирик санкциялар пакетини қабул қилган. Шунингдек, янги чекловлар ишлаб чиқиш бўйича ишлар давом этмоқда. У Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиб нефть ташувчи «соя флоти»га босим ўтказилиши натижасида юзлаб танкерлар ўз йўналишларини ўзгартиришга ва қўшимча харажатларни кўтаришга мажбур бўлганини қайд этди.
Каллас, шунингдек, Европа мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш ва уни амалда самарали қўллаш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи ҳарбий харажатларининг ошиши Европа қуролли кучларининг ҳақиқий имкониятлари кенгайишига олиб келиши керак.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус Россия президенти Владимир Путиннинг ўт очишни тўхтатиш ёки тинчлик келишувига эришишга тайёр эканини кўрсатувчи ҳеч қандай белгини кўрмаётганини билдирди.
«Владимир Путиннинг ўт очишни тўхтатишга ёки ҳатто тинчлик ўрнатишга заррача бўлса ҳам қизиқиши борлигини кўрсатадиган ҳеч нарса, мутлақо ҳеч нарса йўқ», — деди у.
Писториуснинг қўшимча қилишича, Москва вақтни чўзишга ва энергетика ҳамда сув таъминоти инфратузилмасига мунтазам зарбалар бериш орқали Украина аҳолисига босимни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Германия мудофаа вазирининг айтишича, Европа давлатлари Е5 доирасида мудофаа сиёсатини янада яқинроқ мувофиқлаштириш ниятида. Вазирлар, шунингдек, вазирлар даражасидаги учрашувларни Бош штаблар бошлиқларининг ўринбосарлари ва сиёсий директорлар иштирокидаги сиёсат ҳамда режалаштириш масалалари бўйича маслаҳатлашувлар билан тўлдиришга келишиб олган.
Бундай форматдаги илк музокаралар йил охирига қадар Берлинда ўтказилиши режалаштирилган.
Буюк Британия мудофаа вазири Вес Стритинг Россия томонидан келаётган таҳдидни Совуқ уруш тугаганидан бери Буюк Британия ва НАТО учун энг жиддий хавф деб атади.
Унинг сўзларига кўра, гап нафақат Украинага қарши уруш, балки Европа давлатларида беқарорликни келтириб чиқариш ва НАТО бирлигига путур етказишга қаратилган гибрид таҳдидлар ҳақида ҳам бормоқда. Стритинг бундай ҳаракатларни «давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган терроризм» деб баҳолади.
У, шунингдек, Британия ҳукумати мудофаа харажатларини оширишда давом этишини билдирди. Вазирнинг таъкидлашича, Буюк Британиянинг мудофаа харажатлари ҳозирги ЯИМнинг 2,3 фоизидан 2,7 фоизигача оширилиши керак. Кейинчалик эса мамлакат 2035 йилга қадар НАТО белгилаган ЯИМнинг 3,5 фоизи миқдоридаги мақсадли кўрсаткичга эришишни режалаштирмоқда.
Учрашув иштирокчилари «янада кучли НАТО» доирасида Европа мудофаасини мустаҳкамлаш ҳамда Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга содиқ эканликларини тасдиқладилар.
Е5 давлатлари мудофаа вазирларининг навбатдаги учрашуви 2027 йил март ойида Рим шаҳрида бўлиб ўтади.