Европалик амалдорлар ва дипломатлар Қўшма Штатлар илгари сурган Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш ғоясини танқид қилди. Бу ғоя Вашингтоннинг Россия ва Украина ўртасидаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш режасида баён этилган, деб хабар берди Politico.
Режага кўра, Вашингтон Ғарб давлатларида музлатилган Россия активлари ҳисобидан 100 миллиард долларни АҚШ бошчилигидаги тиклаш ҳаракатларига йўналтиришни таклиф қилган. Шу билан бирга, режа АҚШ ушбу амалиётдан олинадиган фойданинг 50 фоизини олишини назарда тутади.
Politico суҳбатдошларининг айтишича, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф томонидан ишлаб чиқилган бу таклиф Европанинг музлатилган активлардан Украинага “репарация кредити” сифатида фойдаланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
"Бундай бемани таклифни илгари сурган Уиткофф психиатрга мурожаат қилиши керак", — деди европалик расмийлардан бири.