Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Комиссия Исроилга икки томонлама ёрдамни тўхтатишини ва мамлакат билан Ассоциация шартномаси доирасида савдо қоидалари ҳамда радикал вазирларга чекловлар жорий этишни таклиф қилаётганини маълум қилди.
Страсбургдаги Европа парламенти ялпи мажлисида сўзга чиққан фон дер Ляйен Ғазодаги вазият ҳақида тўхталиб, у ердаги воқеалар бутун дунё виждонини ларзага солаётганини таъкидлади.
— “Техноген очлик ҳеч қачон уруш қуроли бўла олмайди. Болалар ва инсоният учун буни тўхтатиш зарур”, — деди у.
Фон дер Ляйен Исроил ҳукуматининг Г‘арбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги режалари ҳамда радикал вазирларнинг баёнотлари икки давлат ечимини бузишга қаратилганини қайд этди.
Унинг айтишича, Комиссия қатор чоралар таклиф қилмоқда:
Исроилга икки томонлама ёрдамни тўхтатиш;
Экстремист вазирлар ва зўравон кўчманчиларга қарши санкциялар жорий этиш;
Савдо муносабатларини қисман тўхтатиш.
Шу билан бирга, у келгуси ой “Фаластин учун донорлар гуруҳи” ташкил этилишини, Ғазони тиклаш учун махсус молиявий восита яратилишини эълон қилди.
Фон дер Ляйен 2023 йил 7 октябрдан буён Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлагани учун танқид остида қолмоқда. Унинг позицияси Европа Иттифоқининг бетарафлик ва халқаро ҳуқуққа содиқлиги ҳақидаги даъволарини шубҳа остига қўйган.