Европа Кенгаши ва Украина Россиянинг Украинага қарши тажовузи юзасидан махсус трибунал ташкил этиш бўйича келишув имзолади. Ҳужжатни Европа Кенгаши бош котиби Ален Берсе ва Украина президенти Владимир Зеленский имзолади.
Трибунал Россиянинг юқори сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти — жумладан, президент Владимир Путин, бош вазир Михаил Мишустин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кабиларни суд қилиш учун тузилмоқда. Аммо суд жараёни фақат улар лавозимни тарк этгандан сўнг бошланиши мумкин.
Владимир Зеленский:
“Ҳар бир ҳарбий жиноятчи билиши керак — адолат бор. Бу Россияга ҳам тааллуқли. Адолат кечикса-да, албатта амалга ошади.”
Трибунал БМТ томонидан “тажовуз жинояти” сифатида белгиланган ҳолатни кўриб чиқади — яъни бир давлат томонидан бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш.
Спецтрибунал Халқаро жиноий суддан фарқли равишда фуқароларни эмас, фақат сиёсий ва ҳарбий раҳбарларни суд қилади.
Мақсад — Россиянинг Украинага қарши урушини ташкил қилганларни жавобгарликка тортиш ва халқаро ҳуқуқни тиклаш.