2025 йил якунларига кўра, Европа Иттифоқи ҳудудида истиқомат қилувчи мигрантлар сони рекорд даражага етиб, 64 миллион кишини ташкил этди. Бу ҳақда Даниянинг «Rockwool» нотижорат жамғармасининг Берлин бўлими томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
«Европа Иттифоқида ЕИ ҳудудидан ташқарида туғилган одамлар сони рекорд даражада ортди — 2025 йилда уларнинг сони тахминан 64 миллион нафарга етди», — дейилади нашрда.
Маълумотларга кўра, жорий йилда миграция ўсиши 2,1 миллион кишини ташкил этган. Таъкидлаш жоизки, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 500 минг кишига камроқдир.
Ҳисоботда айтилишича, мигрантлар оқимининг асосий қисми Европанинг тўртта йирик давлати — Германия, Франция, Испания ва Италия ҳиссасига тўғри келмоқда.
Европа Иттифоқи аҳолисининг умумий таркибида мигрантларнинг ўртача улуши 14,2 фоизни ташкил этади. Бироқ кичик давлатларда бу кўрсаткич анча юқори:
Люксембургда — 52 фоиз;
Мальтада — 32 фоиз;
Кипрда — 28 фоиз.