Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари Украина президенти Владимир Зеленскийдан АҚШ президенти Дональд Трампга нисбатан оммавий танқидларини юмшатишни сўрамоқчи. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Зеленскийнинг кескин баёнотлари Европа етакчиларини ҳайратда қолдирган. Улар жума куни Брюсселда Украина раҳбари билан учрашиб, унинг риторикасини юмшатишга чақиришни режалаштирмоқда.
Бунга Зеленскийнинг Financial Times нашрига берган интервьюсида Трампнинг Россия билан дизель ёқилғиси бўйича келишувини танқид қилгани ва АҚШ ёрдамининг тўхтатилишини «хавфли» деб атагани сабаб бўлган.
Аввалроқ Британиянинг The Spectator журнали АҚШ президенти ва Украина раҳбари ўртасидаги муносабатлар шу қадар ёмонлашганини, уларни тиклаш қийин бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
10 октябрь куни Трамп журналистлар билан суҳбатда Зеленский Украинадаги можарони ҳал қилиш учун кўп марта имкониятга эга бўлгани, аммо бундан фойдаланмаганини айтди. Унинг фикрича, Украинага Россия билан келишувга эриша оладиган янги раҳбар керак.
Зеленскийнинг президентлик ваколати 2024 йил 20 майда тугаши керак эди. Бироқ ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик жорий этилгани сабабли навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилмади.