Арманистон хавфсизлик, иқтисодиёт ва энергетика соҳаларида диверсификация олиб бормоқда.
Россия Ташқи ва мудофаа сиёсати кенгашининг “Замонавий босқичда Россия–Арманистон ҳамкорлиги” номли ҳисоботида қайд этилишича, Арманистон ҳозирда мудофаа соҳасида ўзининг энг йирик ҳамкорига айланган давлат – Ҳиндистон билан фаол ишламоқда. 2022–2023 йиллар оралиғида Ереван ва Ню-Деҳли орасида 1,5 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги ҳарбий шартномалар имзоланган.
Бу келишувларга Ҳиндистоннинг 214 миллиметрлик Pinaka ракета тизимлари, 155 мм ATAGS артиллерия қурилмалари, ZADS дронларга қарши тизимлари, Akash-1С зенит-ракета мажмуалари ва бошқа қуроллар киради.
Иккинчи ўринда эса Франция турибди. 2023–2024 йилларда Арманистон Франциядан тахминан 250 миллион долларлик ҳарбий техника харид қилиш бўйича келишувга эришди. Бу доирада GroundMaster 200 радар тизимлари, Mistral 3 зенит-ракета мажмуалари ва Caesar ўз-ўзини юритувчи артиллерия тизимлари харид қилинади.
Ҳисоботда айтилишича, Арманистон Ҳиндистон ва Франсиядан артиллерия тизимларини харид қилган ҳолда аста-секин совет даврига оид 152 мм калибрли қуроллардан НАТОда қабул қилинган 155 мм калибрли тизимларга ўтмоқда. Шунингдек, Россия билан сўнгги ҳарбий шартнома 2021-йилда, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида 400 миллион долларга тузилган, бироқ бу шартнома тўлиқ амалга оширилмаган.
Арманистон жамиятида Россияга бўлган муносабат ҳам сезиларли даражада ўзгарган. Галлуп Интернатионал Ассоcиатион сўровига кўра, Ереванда энг дўстона давлат деб Франция тан олинган. Кейинги ўринларда Ҳиндистон, Эрон ва АҚШ турибди. Россия эса илк бешликдан жой ололмаган — у еттинчи ўринга тушган.
Арманистон, шунингдек, Европа Иттифоқига интеграциялашиш йўлини танлади. Жорий йил март ойида мамлакат парламенти ЕИга аъзолик жараёнини бошлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бироқ бу йўлда бошқа иқтисодий иттифоқ – Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) тўсиқ бўлиши мумкин. Россия бир неча бор Ереванга икки иттифоққа бир вақтда аъзо бўлиш имконсизлигини билдирган.
Айни пайтда Арманистон ҳукумати Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида мувозанат сақлаш стратегиясини танлаган. Бош вазир Никол Пашинян мамлакатнинг ЕОИИдан чиқиш нияти йўқлигини таъкидлади ва 9-май куни Москвадаги парадга ташриф буюрди. Шу билан бирга, КХШТ фаолиятини очиқчасига инкор этмоқда ҳамда Европа билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.
Арманистон Россиядан бутунлай узоқлашиб, иқтисодий диверсификацияга эриша оладими?
Бу саволга ТRТ нашрига берган интервюсида Интеграция истиқболлари маркази директори Сергей Рекеда жавоб берди:
— Арманистон ЕОИИдан иқтисодий жиҳатдан мустақил бўла оладими?
— Арманистон ва ЕОИИ ўртасидаги муносабатлар мустақилликни эмас, балки иқтисодий манфаатга асосланган ҳамкорликни билдиради. Зотан, иттифоққа аъзолик суверенитет ёки қарор қабул қилиш эркинлигининг чекланишини назарда тутмайди.
ЕОИИ доирасида Арманистон ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши ва Россия билан савдо ҳажмининг ортиши каби ижобий натижаларга эришмоқда.
— Диверсификация қилиш имконияти борми?
— Ҳар бир давлат барча имкониятларини битта йўналишга боғлаб қўймасликни хоҳлайди — бу мутлақо амалий ёндашув. Арманистонга яқин алоқада бўлган кўплаб давлатлар билан муносабатлар айнан ЕОИИ доирасида қулайроқ йўлга қўйилиши мумкин.
Хусусан, Хитой, БАА ва Форс кўрфази давлатлари билан савдо алоқалари кенгаймоқда.
— Бу Россия билан ҳозирги савдо ҳажмига тенглашадими?
— Жуда қийин. Лекин маълум даражада диверсификацияни таъминлаши мумкин.
— Агар бу Ғарб давлатлари бўлса-чи?
— АҚШ ёки Европа Иттифоқи бозорларига кириш мураккаб. Улар аллақачон шаклланган, рақобат кучли ва янги иштирокчилар учун жой чекланган.
— Россия ва Арманистон муносабатларида илиқлик қайд этилмоқда деб бўладими?
— Менимча, ҳозирча бу муносабатларда туб ўзгариш ҳақида гапириш эрта. Ҳозирги ҳолат — статус-кво сақланмоқда. Ереван ўзининг Евроосиё интеграцион тузилмаларидаги иштирокини имкон қадар кам йўқотиш билан қисқартиришга уринмоқда.