Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган маблағлардан тўғридан-тўғри фойдаланишга рухсат бериши мумкин. Бу ҳақда Politico хабар берди.
"Еврокомиссия Россиянинг санкциялар остидаги активлари сақланадиган Euroclear депозитарийсига ўзининг эҳтимолий йўқотишларини Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан қоплашга рухсат бериш имкониятини ўрганмоқда", деб ёзади газета.
Нашр манбаларининг аниқлик киритишича, бу Украинага ажратилган 45 миллиард евро миқдоридаги кредитни тўлаш учун Россия активларидан тушган даромадлардан фойдаланиш схемасини мустаҳкамлаши мумкин бўлган фавқулодда чора сифатида кўрилмоқда.
Олдинроқ Euroclear депозитарийси Россия судларида санкцияларнинг қонунийлиги тўғрисида кўплаб даъволар кўриб чиқилаётганини қайд этган эди. Ушбу даъволар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Euroclear Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромаднинг тахминан 10 фоизини захирага олмоқда.