Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россиядан энергия сотиб олишни бутунлай тўхтатмоқчи.
Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида АҚШ президенти Дональд Трамп билан музокаралари якунида маълум қилди.
"2027 йилга бориб Европа Россия энергетикасидан бутунлай воз кечади", — деб ёзди у Х ижтимоий медиа платформасида.
Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи ва АҚШ "Россиянинг қазиб олинадиган ёқилғи даромадларини тезда тўхтатишга" келишиб олган. Томонлар, шунингдек, Эстония ва Польшадаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилишди, дея қўшимча қилди фон дер Ляйен.