Financial Times нашрининг ёзишича, шу ҳафта бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида Европа мамлакатлари АҚШдан аниқ жавоб олишга интилаяпти: Вашингтон ўз қўшинларини чиқарадими ёки йўқ? Бу масала Европа учун ўзининг келгуси мудофаа сиёсатини режалаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус бир неча ойдан бери АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетдан қўшинларни Европа ҳудудидан чиқариш бўйича «йўл харитаси»ни тақдим этишни сўраяпти. Бу эса НАТОнинг айрим аъзоларида норозилик уйғотган — улар бундай босим АҚШни ҳақиқатдан ҳам чиқишга ундаши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Айни пайтда, АҚШнинг ўзи ҳам ўз мудофаа стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда — у ёз ойларида эълон қилиниши кутилмоқда. Фақат шу стратегиядан сўнг Европа ўз саволларига жавоб олиши мумкин.
Бу вазиятда АҚШ европалик иттифоқдошлардан НАТО саммитида мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5% гача оширишни талаб қилмоқда. Европалик етакчилар ўз мудофаа салоҳиятларига кўпроқ маблағ ажратишга рози, бироқ АҚШ активларини нималар билан алмаштириш кераклигини ҳали тўлиқ тушуниб етмаган.
Бу иккиёқлама, зиддиятли ёндашувни келтириб чиқараяпти:
➤ «Америкаликлар билан яқин алоқаларни сақлаш учун улар билан фаол ҳамкорлик қилиш ва шу билан бирга улар кетишига тайёргарлик кўриш».
«Бу ақлдан озишми? Ҳа. Лекин умумий контекстнинг ўзи ҳам нормал эмас», — дейди Европа Иттифоқи расмийларидан бири.
Европа Иттифоқида шундай фикр мавжуд: агар АҚШ кетса, улар НАТОдаги бир қатор вазифалар — масалан, ҳарбий стандартлар, ўзаро мувофиқлик ва биргаликда қурол-яроғ харид қилиш каби соҳаларни ўз зиммасига олишига тўғри келади.