Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас Европа Иттифоқи «Сурияда бўшлиқ қолдира олмаслиги»ни таъкидлаб, Евроиттифоқнинг мамлакатдаги дипломатик миссияси қайта тикланишини «жуда муҳим қадам» деб атади.
У, шунингдек, Европа Иттифоқининг Сурия бўйича элчиси Михаил Онмахт яқинда мамлакатнинг янги раҳбарияти билан «биринчи алоқаларни» ўрнатганини маълум қилди.
«Биз делегациямиз ишини қайтадан бошлашга тайёрмиз. Суриядаги янги исломий ҳокимиятлар билан музокаралардан сўнг Европа Иттифоқи Дамашқда дипломатик ваколатхонасини қайта очишни режалаштиряпти.
Бироқ, Суриядаги янги ҳокимият билан мулоқот бошлаш учун мамлакатдаги Россия базалари ёпилиши шарт», – дейди Кая Каллас, 17 декабрь, сешанба куни Страсбургда бўлиб ўтган Европарламент йиғилишида.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Брюссел Суриянинг янги раҳбариятидан курдлар ва насронийлар каби озчиликларни ҳимоя қилишини кутаётганини таъкидлади.
Қолаверса, ЕИ Суриядаги Россия ҳарбий базаларини ёпиш ўзаро мулоқотни бошлаш шартларидан бири бўлиши кераклигини таъкидламоқда.
Каллас, жумладан, Россия Суриядаги базалари орқали Африка ва глобал жанубнинг бошқа мамлакатларида ўз таъсир доирасига эга эканини эслатди.
«Бу, шунингдек, Европа хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларни келтириб чиқаради. Биз бу масалани ечишимиз керак», – дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, шу пайтгача Брюссел декабр ойи бошида Асад ҳокимиятини ағдарган исломий «Ҳаят Таҳрир аш-Шам» (ҲТШ) гуруҳи билан алоқа боғламаган. БМТ сингари, ЕИ ҳам ҲТШни «террорчи ташкилот» деб эълон қилган ва унга қарши санкциялар киритиб келган.
Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг эса ҲТШнинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинланган Муҳаммад ал-Башир, ЕИ дипломатларига кўра, анча мўътадил позицияни эгаллайди.
Ўз навбатида, АҚШ, Буюк Британия, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо Франция ва Италия Дамашқ билан ўзларининг дипломатик алоқаларини эълон қилишмоқда.