Европа комиссияси Исроил ҳукумати томонидан илгари сурилган айбловларга қарамай, ҲАМАС Ғазо секторида гуманитар ёрдамни ўзлаштираётгани бўйича ҳеч қандай далилга эга эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Европа комиссияси вакили Ева Хрнцирова матбуот анжуманида баёнот берди. Унга кўра, Ғазодаги гуманитар вазият “фалокат даражасида” қолмоқда.
“ҲАМАС ёрдамни ўғирлаётгани ҳақида бизда ҳеч қандай хабар йўқ. Биз гуманитар фаолиятда мустақиллик ва бетарафлик тамойилларига содиқмиз”.
Шунингдек, у Исроилни ёрдам етказиш ва тарқатиш тизимини дарҳол ишга туширишга чақирди.
🇪🇺 Европа комиссияси БМТнинг гуманитар миссиялари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда, бироқ АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланаётган Ғазо Гуманитар Фонди (GHF) билан ишлашни рад этмоқда. Комиссия таъкидлади:
“Гуманитар ёрдам хусусийлаштирилмаслиги, сиёсийлаштирилмаслиги ва можарода восита сифатида ишлатилмаслиги керак”.
GHF 27 май куни, Ғазога 11 ҳафталик тўлиқ блокададан сўнг, фаолият бошлаган. БМТ маълумотларига кўра, икки ой ичида ёрдам тарқатиш пункти яқинида юзлаб фаластинликлар Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган.
170 дан ортиқ нодавлат ташкилотлар — жумладан, Oxfam, Amnesty International ва “Чегара билмас шифокорлар” — БМТнинг Фаластинлик Қочқинларга Ёрдам агентлиги (UNRWA) билан бирга, GHF орқали ёрдам тарқатишни тўхтатиш ва БМТ бошчилигидаги механизмларга қайтиш бўйича қўшма баёнот чиқарган.
2023 йил октябридан бери Ғазода Исроил бомбардимонлари оқибатида 57 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, аксарияти — аёллар ва болалар. 27 майдан бери эса “гуманитар зоналар”да ҳам ҳужумлар давом этмоқда: ҳозиргача у ерда 652 киши ҳалок бўлган, 4 500 дан ортиғи яраланган.