Эрон ҳукумати шанбага ўтар кечаси Исроилнинг зарбалари натижасида яна икки юқори мартабали генерал ўлганини маълум қилди.
Давлат телевидениеси Қуролли кучлар Бош штаби разведка бошқармаси бошлиғи ўринбосари генерал Ғуломризо Меҳробий ва оператив қўмондонлик бошлиғи ўринбосари генерал Меҳди Раббоний ҳалок бўлганини хабар қилди.
Жума куни Исроилнинг зарбалари натижасида бир неча юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар, жумладан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбари Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. Зарбаларда ҳарбийлардан ташқари, Эрон ядро дастурида иштирок этган камида олти ядрочи олим ҳалок бўлган.
ББCнинг Яқин Шарқ бўйича мухбири Себастян Ашернинг фикрича, Исроил ҳужуми “Исроилнинг ўтган ноябр ойида Ливандаги Ҳизбуллоҳга қарши ҳужумида қўлланган стратегиянинг бир қисмини ўзлаштирган кўринади” – зарбалар Эрон раҳбариятининг асосий аъзоларини ишдан чиқаришга қаратилган.