Эрон ядровий объектларига берилган мисли кўрилмаган зарбалардан сўнг МАГАТЭ обрўсига жиддий путур етди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Песков Эроннинг МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатиш қарори республиканинг ядровий объектларига асоссиз тажовуз ва зарбалар натижаси эканлигини таъкидлади.
"Албатта, айтайлик, бу вазиятда МАГАТЭнинг обрўсига жиддий путур етди", — деди у журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон парламенти Теҳроннинг МАГАТЭ билан ҳамкорлигини тўхтатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Парламент қарорига кўра, агар ядровий объектлар хавфсизлиги ва ядровий соҳада тинч фаолият таъминланмаса, агентлик ходимлари текширувлар учун мамлакатга ташриф буюриши мумкин эмас, бу эса ўз навбатида, Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгашининг розилигига боғлиқ.
Душанба куни МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси ташкилот ходимларининг Эрондаги текширувларини имкон қадар тезроқ қайта бошлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу АҚШ томонидан ҳужумга учраган объектдан олиб чиқиб кетилиши мумкин бўлган 60 фоизгача бойитилган уран билан нима қилишни тушунишга ёрдам беради.