Эрон президенти Масуд Пезешкиян мамлакатдаги узоқ давом этаётган қурғоқчилик ва сув инқирози фонида пойтахт Теҳронда вазият кескинлашганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, агар яқин вақт ичида ёмғир ёқмаса, шаҳарда сув таъминоти тўхташи ва аҳолини эвакуация қилиш зарурати туғилиши мумкин.
Бу ҳақда Пезешкиян Санандаж шаҳрига амалий ташрифи чоғида билдирган. Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатдаги сув ресурслари тобора қисқариб бораётгани, инфляция ва ташқи санкциялар иқтисодий вазиятни янада оғирлаштираётгани қайд этилди.
“Ернинг қуриб бориши ва ёғингарчиликнинг камайиши сув таъминотига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Агар ёмғир ёқмаса, Теҳронда сув чекловлари жорий этилади, кейин эса шаҳарни эвакуация қилиш масаласи кўтарилиши мумкин”, — деди Пезешкиян.
Маълумотларга кўра, Теҳронни сув билан таъминлайдиган бешта асосий сув омбори — Лар, Мамлу, Эмир Кабир, Талиқон ва Латян — ҳозирда деярли бўшаб қолган. Метеорологик маълумотларга кўра, бу йил ёғингарчилик меъёридан 40 фоизга кам бўлган.
Эрон сув бошқармаси вакиллари маълум қилишича, агар яқин икки ҳафтада ёмғир ёқмаса, пойтахтда сув таъминотини таъминлаш имкони қолмайди.
Экспертлар таъкидлашича, Эрондаги бу ҳолат нафақат экологик, балки ижтимоий ва иқтисодий инқирозга ҳам айланиши мумкин.