Эронда вазият кескинлашганда оятуллоҳ Али Хоманаийни Москвага эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилган — The Times.
Нашрга тақдим этилган разведка ҳисоботига кўра, Эроннинг олий етакчиси, 86 ёшли оятуллоҳ Али Хоманаий агар хавфсизлик кучлари норозиликларни бостира олмаса ёки армия ва хавфсизлик кучлари намойишчилар томон ўтиб кетса, мамлакатдан қочиш учун махсус режага эга.
Газетанинг ёзишича, бундай вазият юзага келганда Хоманаий тахминан 20 нафар энг яқин ёрдамчилари ва уларнинг оилалари билан бирга Теҳронни тарк этишни режалаштирган.
“Б режаси” Хоманаий ва унинг жуда тор доирадаги сафдошлари ҳамда оиласи, жумладан унинг ўғли ва вориси Можтаба учун мўлжалланган, дея маълум қилган The Times разведка идораларидаги манбаларига таяниб.
Мақолада таъкидланишича, оятуллоҳ Хоманаийнинг бу режаси унинг иттифоқчиси Сурия етакчиси Башар Асаднинг қочиш режасига асосланган. Башар Асад 2024 йил декабрида мухолифат кучлари пойтахтни штурм қилишни бошлашидан олдин оиласи билан самолётда Дамашқдан Москвага учиб кетган эди.
28 декабрдан бери Эронда ҳукуматга қарши кенг кўламли норозилик намойишлари давом этмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп эса Эрондаги намойишлар зўравонлик билан бостирилса, Вашингтон ҳарбий аралашувга тайёрлигини билдирган. Бунга жавобан Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижаний АҚШнинг Эрон ички ишларига аралашуви бутун минтақада барқарорликни бузишини айтиб, бу Америка манфаатларига зарар етказишидан огоҳлантирган.