Мамлакат парламентининг миллий хавфсизлик бўйича қўмитаси раҳбари Иброҳим Азизий АҚШнинг минтақадаги кема қатновига аралашуви сулҳнинг бузилиши деб баҳоланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бўғоздаги янги тартибга таъсир ўтказишга қаратилган ҳар қандай уриниш тегишли жавоб реакциясини келтириб чиқаради.
"Қўшма Штатларнинг Ҳўрмуз бўғозидаги янги денгиз режимига ҳар қандай аралашуви ўт очишни тўхтатиш тартибини бузиш деб қаралади", — деб ёзди у.
Шу билан бирга, АҚШ Марказий қўмондонлиги кемаларни кузатиб бориш операциясига 15 минг ҳарбий ва 100 дан ортиқ самолёт жалб этилишини билдирди.
Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Трамп томонидан эълон қилинган "Озодлик" операцияси тижорат кемаларини АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемалари билан мажбурий кузатиб боришни назарда тутмайди.
Axios портали манбаларидан бирининг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий кемалари тижорат кемаларига эҳтимолий ҳужумлар содир бўлган тақдирда "бевосита яқин масофада" бўлиб туради. Бундан ташқари, ҳарбийлар кемаларга бўғоз орқали ўтадиган энг хавфсиз йўналишлар ҳақида маълумот бериб бориши айтилмоқда.