Эрон ҳукумати АҚШ билан можарони ҳал қилиш бўйича янги — босқичма-босқич келишув режасини илгари сурди. Бу ҳақда минтақавий манбаларга таяниб хабар қилинмоқда. Маълумотларга кўра, Теҳрон музокараларни бир неча босқичга бўлишни таклиф этмоқда. Биринчи навбатда, Эрон ва Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш механизмлари келишиб олиниши керак. Шунингдек, Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши операцияларини ҳам тўхтатиш масаласи муҳокама марказида бўлади. Иккинчи босқичда Ҳормуз бўғози масаласи кўриб чиқилади. Эрон бу ерда ўз позициясини ўзгартиришни истамаяпти — Теҳрон савдо кемалари учун тўловлар ва янги транзит қоидаларини жорий этишни давом эттирмоқчи. Энг муҳим жиҳат — Эрон ядро дастурига оид барча масалалар фақат музокараларнинг якуний босқичида муҳокама қилиниши режалаштирилган. Манбаларга кўра, мазкур таклиф асосан Покистон орқали АҚШга етказилган бўлиб, у Ҳормуз бўғози атрофидаги инқироз ва денгиз блокадаси масаласини ҳал қилишга қаратилган. Шу билан бирга, “сукут режими”ни узайтириш ҳам кўзда тутилмоқда. Бироқ Вашингтон ҳозирча Эрон портларига нисбатан жорий этилган денгиз блокадасини бекор қилиш ниятида эмас. АҚШ президенти Дональд Трамп бу чоралар Эрон нефть инфратузилмасига жиддий босим ўтказаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мамлакат ичида АҚШнинг ядро дастурига оид талабларига қандай жавоб бериш масаласида ягона позиция йўқлигини билдирган. Эслатиб ўтамиз, аввал режалаштирилган АҚШ–Эрон музокаралари денгиз блокадаси масаласи туфайли бекор қилинган эди. Вашингтон ўз вакиллари — Жаред Кушнер ва Стив Виткоффнинг Покистонга сафарини ҳам тўхтатган. Ҳозирча томонлар ўртасида келишувга эришиш истиқболи ноаниқлигича қолмоқда, аммо дипломатик алоқалар давом этмоқда.