К.Абдуллаев, мустақил эксперт
Эрон - Исроил можароси глобал ўйинчилар учун янги имкониятлар очмоқда. Уруш ортида жаҳон манфаатларининг янги конфигурацияси қайта шаклланмоқда. Бу борада рақибларнинг эътиборини ўз фойдасига буришни билган томон ғолиб бўлиши тахмин қилинмоқда.
Хитойнинг манфаатлари: бевосита иштироксиз фойда олиш
Хитой АҚШни Яқин Шарқда узоқ давом этувчи инқирозга тортишни истайди. Бундай вазият: а) АҚШнинг Осиёдаги эътиборини чалғитади, айниқса Тайван муаммосидан; б) АҚШнинг глобал сиёсий мавжудлиги заифлашади; д) Пекинга Тинч океани минтақасида босимни ошириш имконини беради.
Бу фондa Пекин эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Хитойликлар можарога тўғридан-тўғри аралашишдан тийилиб, Эрон атрофида норасмий иттифоқ яратишга ҳаракат қилмоқдалар. Янги коалицияга Афғонистон, КХДР ва Покистон кириши режалаштирилган. Эътиборлиси, охирги икки давлат ядро технологияларига эга бўлиб, Теҳроннинг таъсирини сезиларли кучайтиришга имкон бермоқда.
Таҳдидлар мувозанати: кучлар нисбати ўзгариши
Ядро технологиясига эга давлатларнинг Эронни қўллаб-қувватлаши можароннинг минтақадан ташқарига чиқиш эҳтимолини кучайтиради. Бу эса 1) АҚШ ва Исроил учун хавф даражасини оширади; 2) беқарорликнинг глобал даражада ёйилиши хавфини юзага келтиради; 3) АҚШнинг бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда назоратни сақлаб қолиш салоҳиятини шубҳа остига қўяди.
Бу шароитда АҚШ бир вақтнинг ўзида бир неча инқирозларга жавоб беришга мажбур: Яқин Шарқ (Эрон – Исроил), Шарқий Европа (Украина) ва Шарқий Осиё (Тайван).
Бу катта миқдорда ресурслар ва дипломатик кучларнинг сарфланишига олиб келади ва ташқи сиёсат самарадорлигини пасайтиради. Стратегик зўриқиш хавфи пайдо бўлади, яъни ҳеч бир можарони тўлиқ назорат остида ушлаб бўлмайди.
Айнӣ вақтда, Россия ҳам тактик устунликка эга бўлиши мумкин. Хусусан, АҚШ билан ўз шартларида музокара ўтказиш имконияти; Ғарб санкцияларини юмшатишга умид; Москванинг глобал муқобил иттифоқларда позицияси кучайиши.
Шунингдек, Вашингтоннинг Эронга қаратилган эътиборидан Россия Украинадаги музокараларда босим воситаси сифатида фойдаланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Эрон ва Исроил ўртасидаги тўқнашув — бу фақат минтақавий низога эмас, балки глобал кучлар тақсимотига оид масала. Ҳар бир иштирокчининг ҳаракати ортида узоқ муддатли геосиёсий ҳисоб-китоблар ётади: АҚШ учун — кўп қутбли дунёда чидамлилик синови; Хитой — урушсиз кучлар нисбатини ўзгартириш имконияти; Россия — таъсир воситаларини қайта тиклаш учун имконият.
Мазкур можаро яна бир муҳим нарсани кўрсатмоқда: бугунги халқаро тизим бир нечта инқирозни бир вақтда бошқаришга бардошли эмас. Бу эса ўйин қоидаларини ўзгартирмоқчи бўлган кучлар учун қулай шароит яратмоқда.