Бугун 19 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Эрон ТИВ раҳбари: Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг фикрини инобатга олмаслик мумкин эмас

Эрон ТИВ раҳбари: Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг фикрини инобатга олмаслик мумкин эмас

Эрон Ливан билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга интилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг ички масалалари фақат ливанликларнинг ўзи томонидан ҳал қилиниши керак. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Теҳрон ва Ливаннинг амалдаги ҳукумати минтақавий ҳамда ички муаммоларни ҳал қилиш йўллари борасида жиддий келишмовчиликларга эга. Бироқ ливанликлар «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг позициясини ҳам ҳисобга олишлари зарур.

Ароқчининг сўзларига кўра, томонлар асосий масалада — ҳукуматлараро мулоқот ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш зарурлиги борасида тўлиқ келишувга эришган.

Эрон ташқи ишлар вазири Теҳрон Бейрут билан сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Ливандаги муҳим сиёсий кучлар, жумладан, шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ҳам мамлакатдаги қарорларни қабул қилиш жараёнида ҳисобга олиниши лозим.

«Қабул қилинган ҳар қандай қарор Эронда эътироз уйғотмайди, чунки бу Ливаннинг ички ишларидир», — деди Ароқчи.

Ливан ҳукумати узоқ вақтдан бери «Ҳизбуллоҳ»дан қуролсизланишни талаб қилиб келмоқда. Бироқ ҳаракат бу талабни бажаришдан қатъиян бош тортмоқда.

Хабарда таъкидланишича, Ливан ҳукумати ҳаракатни бўйсундириш имкониятлари чеклангани сабабли мураккаб вазиятга дуч келмоқда. Шу билан бирга, «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган ташаббусларга қарши чиқмоқда, Ливан ҳукумати эса жанубий қўшниси билан ўзаро англашувга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Киритилди: Бугун 09:04. Ўқилди: 277 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!