Эрон терма жамоаси футболчилари 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун визаларини олди.
Бу ҳақда Эроннинг Туркиядаги элчиси Муҳаммад Ҳасан Ҳабибулло-зода маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, футболчилар визани 48 соат ичида олган ва бу жараёнда шахсан элчихонага бориш ёки бармоқ изларини топшириш талаб этилмаган.
Аввалроқ Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож ФИФА терма жамоанинг мундиалдаги базасини АҚШдан Мексикага кўчиришни маъқуллаганини маълум қилган эди.
Маълумот учун, "Форс шаҳзодалари" Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Бельгия, Миср ва Янги Зеландия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Турнир 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.