Эрон томони Ҳормуз бўғозида белгиланган қоидаларни бузиб, Теҳрон томонидан белгиланган йўналишдан ташқарида ҳаракатланаётган кемалар хавф остида эканини маълум қилди.
Tasnim ахборот агентлиги хабар беришича, бу ҳақда Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ва «Хотам ал-Анбия» Марказий штаби қўмондони Али Абдуллоҳий баёнот берган.
«Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) кучлари Форс кўрфази соҳиллари, ороллар ва Ҳормуз бўғозини тўлиқ назорат қилмоқда. Ушбу ҳудуддаги барча фаолият қатъий назорат остида», — деди у.
Абдуллоҳийнинг сўзларига кўра, АҚШ Ҳормуз бўғози очиқ экани ҳақида баёнот бераётганига қарамай, ушбу стратегик сув йўли тўлиқ ёпилган ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси назоратида қолмоқда.
«Эрон армияси Оман кўрфазининг очиқ сув ҳудудлари ва соҳилларини тўлиқ назорат қилади ҳамда қўриқлайди. Биз минтақадаги душманнинг барча ҳаракатларини кузатиб борамиз ва қоидаларни бузувчи кемаларнинг ўтишига йўл қўймаймиз. Ҳар қандай сабабга кўра Эрон томонидан белгиланган йўналиш ва кўрсатмаларга амал қилмасдан ҳаракатланишга уринган кема ўз хавфсизлигини хавф остига қўяди», — дея қўшимча қилди Абдуллоҳий.
Аввалроқ Эрон томони Ҳормуз бўғозида нефт ташувчи танкерлар денгиз миналарига дуч келиб, портлаганини билдирган эди. Бироқ Буюк Британия Ҳарбий-денгиз кучларининг Денгиз савдо қатновини мувофиқлаштириш маркази (UKMTO) кемаларга келиб чиққан зарарга сабаб бўлган нарсалар аниқланмаган снарядлар эканини маълум қилган.