Эрон АҚШнинг эҳтимолий ҳужумига қарши туриш мақсадида Ghadir радиолокацион станциялари тармоғини кенгайтириш орқали ўз мудофаа имкониятларини кучайтирмоқда.
Бу ҳақда очиқ манбалар билан ишлайдиган таҳлилчиларнинг маълумотларига асосланиб, Newsweek нашриёти хабар берди.
"Ушбу янги радарларни Табриз яқинидаги шимоли-ғарбий ҳудудлар ва Форс кўрфази қирғоқлари каби муҳим жойларга ўрнатиш орқали Эрон АҚШ ва Исроилнинг эҳтимолий ҳужумларига қарши ўз ҳаво мудофаасини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда," - дея таъкидланади мақолада.
Нашр таъкидлашича, радиолокация тизимининг кенгайтирилиши Эроннинг Яқин Шарқдаги кескинлик ортиб бораётган шароитда ўз ҳарбий инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича давом этаётган саъй-ҳаракатларини кўрсатмоқда. Ghadir тизими тўғридан-тўғри кўриниш чегарасидан ташқаридаги таҳдидларни аниқлай олади, яқинлашиб келаётган самолётлар, қанотли ракеталар ва баллистик ракеталарни узоқ масофадан кузатиб боради (баллистик ракеталар учун 1090 километргача ва самолётлар учун 595 километргача).
Бундан олдин Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағоий Теҳрон ҳеч қандай вазиятда ядро қуроли яратиш ниятида эмаслигини маълум қилган эди. Унинг айтишича, ядро қуроли яратишдан воз кечиш Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг фатвосига асосланган.