Эрон пойтахти Теҳрондаги Меҳробод аэропорти яқинида портлашлар содир бўлди, деб хабар бермоқда Эрон ОАВ.
Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган кадрларда аэропорт тепасида қуюқ тутун кўтарилаётганини кўриш мумкин.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Теҳроннинг шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида Исроил учувчисиз учоқлари аниқланганидан сўнг фаоллашгани хабар қилинган.
Айни пайтда Исроил армияси Эрон ҳудудидан учирилган 20 та дрон йўқ қилинганини маълум қилди. Армия матбуот хизмати хабарига кўра, барча учувчисиз учоқлар зарарсизлантирилди.
Исроилнинг Эронга шафқациз ҳужумлари билан бошланган можаро
13-июн куни Исроил Эроннинг турли шаҳарларидаги ядровий иншоотларга, шунингдек, Эрон армиясининг олий қўмондонлигига кенг кўламли ҳужумлар уюштирди.
Зарбаларда Эрон Қуролли кучлари бош штаб бошлиғи, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони, ҳарбийлар олий қўмондонлигининг яна бир қанча аъзолари ва тўққиз нафар ядро олими ҳалок бўлган. Тинч аҳоли қурбонлари сони 78 нафарни ташкил этди.
Эроннинг Исроил томонида баллистик ракеталарни қўллаган жавоб ҳаракатлари натижасида 13 киши ҳалок бўлди, яна 400 киши яраланди.
Бир қатор давлатлар, хусусан Туркия, Исроилнинг ҳаракатларини қоралади.