Мексиканинг Анқарадаги элчихонаси Эрон миллий футбол жамоасига 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун визалар берди.
Бу ҳақда Эроннинг Туркиядаги элчиси Муҳаммад Ҳасан Ҳабибуллозода маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, миллий терма жамоа футболчилари, техник ходимлари ва маъмурий ходимларига 3 июнь куни визалар берилди. Жараён Мексиканинг Анқарадаги элчихонасида жамоа аъзолари шахсан иштирок этмасдан амалга оширилди.
Элчи шунингдек, миллий терма жамоа ҳозирда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинида эканлигини ва Анқара шаҳрига бориш шарт эмаслиги футболчиларга машғулотларга ва 4 июнь куни Мали терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинига эътибор қаратиш имконини беришини таъкидлади.
2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Эрон терма жамоаси Бельгия, Миср ва Янги Зеландия билан "G" гуруҳида ўйнайди.
Илгари Эрон терма жамоаси футболчилари ва мураббийлари учун Америка визаларини олишда муаммолар мавжуд эди.