Бу ҳақда The Independent хабар бермоқда.
БМТ маълумотларига кўра, Эрон ҳукумати ҳижоб ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаган шахсларни аниқлаш учун юқори технологияларга тобора кўпроқ таянмоқда. Сўнгги уч йил ичида эса ушбу қоидалар устидан назорат янада кучайтирилди.
Хабарлар берилишича, Эрон аёллари ва қизлари ҳижобни мажбурий ўраш масаласида нафақат амалий, балки қонуний жиҳатдан ҳам тизимли дискриминацияга дуч келишда давом этмоқда. Бу айниқса, уларнинг кундалик ҳаётининг барча жабҳаларида сезилмоқда. Масалан, Теҳрондаги Амир Кабир университетида ҳижобсиз юрган аёлларни аниқлаш учун юзни таниб олиш тизими ўрнатилган. Тахминларга кўра, шаҳар кўчаларидаги кузатув камераларида ҳам шундай дастур ишлатилади.
Янги чоралар қаторига аёлларни жамоат жойларида кузатиш учун дронлардан фойдаланиш ҳам киритилган. Бундан ташқари, назорат қилиш воситаларидан яна бири – Nazer деб номланган махсус илова бўлиб, у Эрон полицияси томонидан ишлаб чиқилган. Бу илова орқали фуқаролар транспорт воситаларида, жумладан метро, такси ва тез ёрдам машиналарида кийиниш қоидалари бузилган ҳолатлар ҳақида хабар беришлари мумкин.