Эрон президенти Масуд Пезешкиан тор доирадаги БРИКС саммити йиғилишида Қўшма Штатларни долларни бошқа давлатлар устидан назорат ва босим воситаси сифатида ишлатаётганликда айблади, деб хабар беради Эрон ИРНА ахборот агентлиги. Унинг фикрича, БРИКС доирасидаги ҳамкорлик Америка валютасининг жаҳон иқтисодиётидаги ҳукмронлигини инкор этишга ёрдам бериши мумкин.
«Дунё БРИКСни доллар гегемонлигини заифлаштириш ва миллий валюталарда тўловларни кенгайтириш йўли деб билади», - дея таъкидлади у.
Пезешкиан БРИКС мамлакатлари энергия ва озиқ-овқат каби асосий товарларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчилари эканлигини, шунингдек, ўзаро савдо учун миллий валюталардан фойдаланишни янада фойдали ва соддалаштирган муҳим савдо йўлларига кириш имкониятига эга эканлигини таъкидлади.
Қозонда Владимир Путин раислигида БРИКС 16-саммитининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда илк бор ассоциациянинг янги аъзолари – Миср, Эфиопия, Эрон ва январь ойида иттифоққа расман қўшилган БАА раҳбарлари иштирок этди.
Россия президенти жаҳон жануби ва шарқининг миллий иқтисодиётлари ҳамда давлатларини қўллаб-қувватлаш учун янги БРИCС инвестиция платформасини яратишни таклиф қилди. Шунингдек, у ЖСТ масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ва БРИКС дон биржасини яратиш бўйича махсус механизмни ишга тушириш ташаббуси билан чиқди.
Саммитда 22 давлат раҳбари ва олти халқаро ташкилот раҳбари, жумладан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этмоқда.