Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.
Трамп маъмуриятининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, урушнинг америкалик солиқ тўловчиларига тўғридан тўғри юки 25 миллиард долларга баҳоланганди. Бироқ иқтисодчилар тўлиқ ҳарбий ва кредитлаш харажатларининг ошишини ҳисобга олиб, умумий зарар бундан анча катта бўлишини прогноз қиляпти.
Можаро давомида Пентагон қиммат ракеталар ва ҳаво мудофаа тизимларини йиллик захираларидан анча кўп ишлатди ва айнан шу омилни уруш харажатларининг 25 миллиард долларлик баҳосидаги асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида кўрсатяпти. Пентагон Оқ уй орқали Конгрессга қўшимча сўров юборилишини режалаштирмоқда, бироқ миқдор ҳали аниқ белгиланмаган.
Эрон уруши бошланишидан олдин глобал нефт таъминотининг бешдан бир қисми Ҳўрмуз бўғози орқали ўтарди. Бўғознинг ёпилиши Қўшма Штатларда бензин нархини кескин ошириб, 1 галлон (3,7 литр) учун 4,55 долларга қимматлаштирди. Бу бу G7 мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткич. Шунингдек, саноат учун муҳим хомашё ҳисобланган дизел ёқилғи нархи ҳам ҳар галлон учун 5,66 долларгача кўтарилди ва тарихий рекорд 5,82 долларга яқинлашиб қолди.
Браун университети Уотсон давлат ишлари мактаби маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён америкалик истеъмолчилар бензин ва дизел учун қўшимча 35 миллиард доллар тўлади. Бу ҳар бир уй хўжалиги учун тахминан 268 долларга, яъни бир ҳафталик озиқ-овқат харажатларига тенг.
Шунингдек, йил бошида прогноз қилинган фоиз ставкаларининг пасайтирилмаслиги натижасида юзага келадиган иқтисодий йўқотиш тахминан 200 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.