Бугун 1 июнь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Эрон АҚШ билан музокараларни тўхтатди ва янги фронт очиш билан таҳдид қилди

Эрон АҚШ билан музокараларни тўхтатди ва янги фронт очиш билан таҳдид қилди

1 июнь куни Эрон АҚШ билан олиб борилаётган музокараларни тўхтатганини эълон қилди ҳамда нафақат Ҳурмуз бўғозини, балки Боб ал-Мандаб бўғозини ҳам блоклаш режасини маълум қилди.

Теҳрон бу қарорга Исроилнинг Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракатига қарши ҳужумларни кучайтирганини сабаб қилиб кўрсатди. Эрон раҳбариятига кўра, Исроил Ливан ва Ғазодаги ҳарбий амалиётларини тўхтатмагунча Вашингтон билан ҳеч қандай мулоқот бўлмайди.

Эрон давлат ОАВлари тарқатган баёнотда мамлакатнинг музокарачилар гуруҳи АҚШ билан алоқаларни узгани ва «сионистлар ҳамда уларнинг тарафдорларини жазолаш мақсадида» Ҳурмуз бўғозини тўлиқ ёпиш ҳамда Боб ал-Мандаб йўналишида босимни кучайтириш режалаштирилаётгани айтилган.

Кузатувчилар фикрича, бу қарорга Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳунинг Байрутдаги Ҳизбуллоҳ қўмондонлик объектларига қарши ҳужумларни кенгайтириш ҳақидаги баёноти туртки бўлган.

Шу билан бирга, АҚШ Эроннинг ядровий дастури, Ҳурмуз бўғозининг очилиши ва санкциялар масалалари бўйича янги таклифлар устида иш олиб бораётгани хабар қилинмоқда. Бироқ ҳозирча Теҳрон Вашингтон билан музокараларга қайтиш учун Исроил ҳарбий ҳаракатларининг тўхтатилишини асосий шарт сифатида илгари сурмоқда.

Айни пайтда Исроил армияси Ливан жанубидаги операцияларни кучайтирмоқда. Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац Бофорт қалъаси ҳудуди назоратга олинганини маълум қилди. Бунга жавобан Ҳизбуллоҳ Исроилнинг чегара ҳудудларига ракета зарбалари берганини эълон қилди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар Эрон Боб ал-Мандаб бўғозини блоклаш режасини амалга оширишга уринса, Ямандаги Ансор Аллоҳ ҳаракати ҳам фаоллашиши мумкин. Бу эса Қизил денгиз ва халқаро денгиз савдоси учун янги хавфларни юзага келтириши эҳтимолдан холи эмас.

Киритилди: Бугун 22:41. Ўқилди: 220 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!