Бугун 5 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ерларнинг деградацияга учраши, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашни молиялаштириш зарурлиги таъкидланди

Ерларнинг деградацияга учраши, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашни молиялаштириш зарурлиги таъкидланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Ар-Риёдда CОP16 доирасида ташкил этилган «Ерларни тиклаш ва қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш учун давлат ва хусусий молиялаштиришни жалб қилиш» молиявий сафарбарлик бўйича вазирлар мулоқотида ҳамраис сифатида иштирок этди.

Тадбирда Саудия Арабистони Подшоҳлиги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Усама Иброҳим Факиҳа, БМТ бош котиби ўринбосари ва UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, БМТ Тараққиёт дастури маъмури Аҳим Штайнер, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал Жассер, ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халиф, БМТнинг 2030 йилгача кун тартибини молиялаштириш бўйича махсус вакили Маҳмуд Моҳелдин, UNFCCC Ижрочи котиби Саймон Стилл, БМТ биохилмахиллик конвенцияси Ижрочи котиби Астрид Шомейкер, IFAD президенти Алваро Ларио, Жаҳон банкининг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва мовий иқтисодиёт бўйича глобал директори Валери Хикки ва бошқалар иштирок этди.

Мулоқот UNCCD вазирлари, манфаатдор томонлар ва инвесторлар учун ерларни тиклаш ва бутун дунё бўйлаб қурғоқчиликка чидамлиликни яхшилаш бўйича трансформатив ечимларни тақдим этди.

Тадбирда сўзга чиққан А.Абдуҳакимов Ўзбекистон 2030 йилгача 2 миллион гектардан ортиқ деградацияга учраган ерларни тиклаш, мамлакат стратегиясини БМТнинг ер деградациясига қарши нейтраллик бўйича мақсадларига мувофиқлаштириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун барқарор турмуш шароитини таъминлаш ниятида эканини таъкидлади.

«Охирги беш йил ичида миллий ҳукумат барқарор ер бошқаруви ва ўрмонларни барпо этиш ташаббусларига миллий буджетдан 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратди. Бундай саъй-ҳаракатларга қарамай, бутун дунё бўйлаб молиялаштиришдаги камчиликлар сақланиб қолмоқда», — деди вазир.

А.Абдуҳакимов, шунингдек, ушбу мақсадларни кенгайтириш ишончли молиялаштириш механизмлари ва инновацион ҳамкорликни талаб қилишини таъкидлади.

Вазирлар мулоқотида жаҳон иқтисодиётига йилига 10 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар келтирувчи ерларнинг деградацияси, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашга сармояларни кўпайтириш заруриятига эътибор қаратилди. Тадбирда, шунингдек, давлат молиялаштириш узоқ муддатли тикланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаётгани, хусусий молиялаштириш эса яшил облигациялар ва таъсирли инвестиция каби инновацион воситаларни жорий қилаётгани таъкидланди. Биргаликда давлат-хусусий ҳамкорлик молиялаштиришдаги бўшлиқни йўқ қилиши ва барқарор ечимларни кенгайтириши мумкин.

«Ўзбекистон халқаро молиялаштиришни самарали бошқариш қобилиятини аллақачон намоён этган. Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлигимиз натижасида Оролбўйида ўрмонзорларни барпо этиш бўйича муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилиб, деградацияга учраган ерлар инсон ва табиат учун фойдали экотизимларга айлантирилди. Аммо халқаро молиялаштиришга осонроқ ва тезроқ кириш орқали биз кўпроқ имкониятга эга бўламиз. Ўзбекистон бу саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик марказига айланишга тайёр», — деди вазир.

Шунингдек, ерларни тиклаш ва қурғоқчиликка чидамлиликка сармоя киритиш нафақат экологик мажбурият, балки оқилона иқтисодий танлов эканлиги таъкидланди. Ерни қайта тиклашга йўналтирилган ҳар бир доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширишдан сув таъминотини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига мослашишгача бўлган фойда келтиради.

Киритилди: 10:36 04.12.2024. Ўқилди: 390 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!