Бугун 13 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Энг ишонган кадримни олиб келиб, таълим вазири қилдим — Шавкат Мирзиёев

Энг ишонган кадримни олиб келиб, таълим вазири қилдим — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябр куни Янги Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Эркинжон Турдимов таълим ва фан вазири этиб тайинлангани юзасидан фикр билдирди.

«Ўзларинг кўрдиларинг, таълим вазирини ўзгартирдим. Энг ишонган кадримни олиб келиб, таълим вазири қилдим.

Сон кўпайиб кетди, сифат камайиб кетди. Бу мени жуда ташвишга солади.

Шунинг учун катта тажрибага эга, тўртта вилоят ҳокими бўлган одамни таълимга олиб келганимнинг тагида жуда катта маъно борки, энди президент бу масалага президент мутлақо бошқача қарайди.

Таълимга жуда катта эътибор бериш учун вазирга бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомини берганим бежиз эмас. Энди тиббиётга, таълимга эътибор мутлақо ўзгаради давлатда», – деган давлат раҳбари.

3 октябр куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бирлаштирилиб, янги Таълим ва фан вазирлиги ташкил этилганди. Ислоҳот таълимнинг барча босқичлари ҳамда илмий фаолият ўртасидаги интеграция ва узвийликни таъминлаш, ягона бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорликни оширишни назарда тутади.

9 октябр куни бу вазирликка шу вақтгача Сирдарё вилоятини бошқариб турган Эркинжон Турдимов раҳбар бўлгани маълум қилинди (у муқаддам Навоий, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларига ҳам ҳокимлик қилган).

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – таълим ва фан вазири таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги вазифалар ижросини мувофиқлаштиради. Уларнинг ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклатилган.

Киритилди: 14:50 12.10.2026. Ўқилди: 843 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!