Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев ҳамда Венгрия Республикаси Ташқи ишлар ва савдо вазири Питер Сияйрто «Stipendium Hungaricum» стипендия дастури бўйича Ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумига Қўшимча баённомани имзоладилар.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳар йили Венгрия томонидан ўзбек фуқаролари учун ажратиладиган таълим грантлари сони 200 тагача оширилди. Бу эса икки давлат ўртасидаги идоралараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, ўзбекистонлик ёшлар учун хорижда, хусусан Венгриянинг нуфузли ОТМларида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, Венгрия ҳукумати 2018 йилдан бери Ўзбекистон фуқароларининг ўз ОТМларида таълим олиши учун стипендиялар ажратиб келмоқда.
Бугунги кунгача юртимиздан 400 дан зиёд ёшлар Венгриянинг турли университетларида таҳсил олиб, ушбу дастур имкониятларидан самарали фойдаланишган.
Венгрия томонидан таклиф этилган таълим йўналишлари Ўзбекистон иқтисодиёти эҳтиёжларидан келиб чиқиб танланган бўлиб, номзодлар таълимни инглиз ёки венгер тилларида олиш имконига эга бўлади.
Венгрия ҳукумати таълим тўлови, турар жой, тиббий хизмат ва стипендияни ўз зиммасига олади. Фақатгина авиачипта харажатлари талабанинг зиммасида қолади.
Ҳужжатда танлов жараёнида шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаш бўйича қоидалар ҳам акс этган.