Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қорамоллар орасида “Нодуляр дерматит” (тўқимали ёки тугунли тери яллиғланиши) касаллиги кенг тарқалаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Уларда айни пайтда мамлакат бўйлаб чорва молларига қарши оммавий эмлаш бошлангани, мазкур касаллик юқумли бўлиб, хатто ўлим ҳолатларига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Мазкур хабарлар юзасидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси матбуот котиби Анвар Суюнов расмий изоҳ берди.
“Аввало, бундай хабарларга жиддий эътибор билан ёндашиш керак. Уларнинг ҳеч бири аниқ далиллар билан тасдиқланмаган — яъни қайси вилоятда, қайси туманда ёки кимнинг моли касаллангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу — ёлғон ва уйдирма хабар”, — деди Анвар Суюнов.
Қўмита вакилининг таъкидлашича, айрим тадбиркорлар бундай хабарлар орқали шахсий манфаат кўзлайди. Улар, асосан, ветеринария дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи шахслар бўлиб, муддати тугаб бораётган дори воситаларини сотиш мақсадида “касаллик тарқалди” деган хабарларни атайлаб ёйишади.
“Баъзи тадбиркорлар қолиб кетган дори воситаларини сотиш учун ижтимоий тармоқларда ваҳима кўтаради. Кейин эса ўз вет-аптекалари орқали “самарали дори воситалари бор” деган реклама билан уларни сотишга ҳаракат қилади. Аслида бу — иқтисодий манфаат йўлида юритилаётган информацион буллинг”, — дея қайд этди Қўмита вакили.
Қўмита маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида “Нодуляр дерматит” касаллиги қайд этилмаган, республика бўйлаб эпизоотик вазият барқарор ҳисобланади.
“Ҳозирги кунда мамлакатимизда “Нодуляр дерматит” касаллиги мавжуд эмас ва ҳеч қандай эпидемик ҳолат аниқланмаган. Илгари гумон қилинган ҳолатлар бўйича ҳам текширувлар ўтказилган. Моллардан олинган қон, сўлак, ахлат ва тери намуналари лаборатория таҳлилларида текширилганда, “Нодуляр дерматит” белгилари тасдиқланмаган. Фуқаролардан шундай ёлғон хабарларга ишонмасликни ва фақат расмий ахборот манбаларини кузатиб боришни сўраймиз”, — деди Анвар Суюнов.
Шунингдек, у қўшимча қилди: мазкур касаллик, асосан, иссиқ об-ҳаво шароитида чивинлар фаоллиги орқали тарқалиши мумкин. Ҳозирда эса барча ҳудудлардаги ветеринария бўлимлари томонидан ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам доимий мониторинг ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу боис, ҳар қандай маълумотни ижтимоий тармоқларда тарқатиш ёки унга ишонишдан аввал унинг манбаси ва ҳаққонийлигини текшириш мақсадга мувофиқдир.