Бугун, 14 сентябрь куни Элит Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасининг 2026/27 йилги мавсумига старт берилади. Ўзбекистон номидан иштирок этаётган "Нефтчи" ва "Пахтакор" биринчи турнинг ўзидаёқ муҳим баҳсларда майдонга тушади.
Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ўз майдонида Ироқнинг "Ал-Қува Ал-Жавия" жамоасини қабул қилади. "Истиқлол" стадионидаги учрашув Тошкент вақти билан соат 18:45 да бошланади.
"Нефтчи" ушбу баҳсга ички чемпионат пешқадами сифатида етиб келди. Фарғоналиклар Суперлиганинг 21 туридан кейин 48 очко жамғариб, биринчи ўринда бормоқда. Жамоа сўнгги турда "Сурхон"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
"Ал-Қува Ал-Жавия" эса Ироқ чемпионатида ўтказган еттита учрашувидан кейин 7 очкога эга. Бағдод клуби сўнгги бешта ўйинининг фақат биттасида ғалаба қозонган. Шу боис ўз мухлислари қаршисида тўп тепадиган "Нефтчи" учун Осиёдаги янги мавсумни ғалаба билан бошлаш имконияти юқори.
Куннинг иккинчи учрашувида "Пахтакор"ни анча мураккаб вазифа кутмоқда. Тошкентликлар Жидда шаҳрида Саудия Арабистонининг кучли клубларидан бири "Ал-Аҳли" меҳмони бўлади. "Алинма Стэдиум"даги баҳс Тошкент вақти билан соат 23:15 да старт олади.
"Пахтакор" Осиё Чемпионлар лигаси Elite баҳсига яхши кайфиятда етиб келмоқда. Жамоа Суперлигадаги сўнгги икки ўйинида "Андижон"ни 3:0, ОКМКни эса сафарда 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
21 турдан кейин 46 очко тўплаган "Пахтакор" турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва пешқадам "Нефтчи"дан атиги икки очко ортда қолмоқда.
"Ал-Аҳли" эса мусобақанинг энг кучли жамоаларидан бири сифатида баҳоланади ва ўз майдонида фаворит ҳисобланади. Бироқ Саудия клубининг янги мавсумдаги натижалари ҳозирча барқарор эмас. Бу эса "Пахтакор"га Жиддада ижобий натижа учун курашиш имконини беради.
18:45 — "Нефтчи" — "Ал-Қува Ал-Жавия"
23:15 — "Ал-Аҳли" — "Пахтакор"