Бугун 23 май, 2025 йил, жума

O'ZB

“Электрон ҳукумат”дан “рақамли ҳукумат” сари

A A A
“Электрон ҳукумат”дан “рақамли ҳукумат” сари

Мамлакатимизда давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Боиси ушбу тизим давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга.

Ҳозирга келиб Электрон ҳукуматнинг Ягона идентификация тизими (id.egov.uz) такомиллаштирилиб, фойдаланувчилар сони 7 млн. дан зиёдни ташкил этмоқда. Мазкур тизим орқали фуқароларга давлат идораларининг 245 дан зиёд ахборот ресурсидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП, my.gov.uz) 400 дан ортиқ давлат хизматидан инсон омилисиз электрон тарзда фойдаланиш имконияти яратилди ва электрон хизматларга бўлган талаб 10 баробарга ошди. Бугунги кунда мазкур порталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 3,6 миллиондан ортган.

“Электрон ҳукумат” тизими айни вақтда давлат органларининг ўзаро ва уларнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашувини таъминлашда, хусусан тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланиши, статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, уларнинг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини ривожланиб бораётганида яққол кўзга ташланмоқда.

Коммунал хизматларни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтирилганида, нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожланаётганида ҳам сезиляпти.

Лекин “Электрон ҳукумат” тизимида электрон хизматлар фойдаланувчилари баъзи ноқулайликларга дуч келмоқда. Қулай интерфейснинг мавжуд эмаслиги, электрон идентификация қилиш имкониятларининг чеклангани ва энг юқори талаб вақтида серверларга юқори юкланиш бўлаётгани шулар жумласидан.

Мазкур масалаларни бартараф этиш учун мамлакатимизда электрон ҳукуматни қўллаб-қувватловчи ахборот тизимлари ва ахборот-коммуникацион технологиялари инфратузилмасини модернизация қилиш, дастурий таъминотни янгилаш ва янги электрон хизматларни ишлаб чиқиш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш зарурати мавжуд.

Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бу борада устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 100 фоизгача, фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улушини 50 фоизгача етказиш, композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини камида 40 тага ошириш ўз аксини топган.

Камида 300 та давлат хизматларини хусусий секторга ўтказиш, лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатларини камида 20 фоизга қисқартириш ҳамда 50 фоизини, давлат хизматлари кўрсатишнинг 300 тага яқин тартиб-таомилларини соддалаштириш, шунингдек, давлат хизматларини “3 қадам”, “фойдаланувчи учун мослаштирилган”, “барчаси бир мобил иловада” тамойиллари асосида рақамлаштириш масаласи ўрин олган.

Мазкур дастурий ҳужжатда давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириб, уларнинг 40 фоизини хусусий секторга ўтказиш ва фуқароларнинг шахсий иштирокини 2 баробарга қисқартириш, “Электрон ҳукумат” тизимининг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтиш, барча ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклга ўтишини таъминлаш каби самарадорлик кўрсаткичлари ҳам ўз ифодасини топгани эътиборга молик.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Стратегияда Ўзбекистонни 2030 йилга қадар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукумат рейтингида ТОП-30 таликка киришига эришиш вазифаси ҳам қўйилди. Мазкур рейтинг (e-Government Development Index) мамлакатларда соҳа ривожини кўрсатувчи халқаро индекс ҳисобланади. Унинг аҳамиятли жиҳати шундаки, аҳоли ва давлат ўртасида электрон мулоқотни кенгайтириш, хизматларни қулайлаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ушбу рейтингда юқори 30 та мамлакат қаторига кириш учун хорижлик экспертлар иштирокида, халқаро методология асосида 6 та йўналиш бўйича 53 та тадбирдан иборат “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда онлайн хизматлар бўйича 112 та кўрсаткични яхшилаш, 2024 йилда 700 та рақамли хизматни ишга тушириш, уларнинг автоматлашганлик даражасини 65 фоизга етказиш ва барчасини my.gov.uz га жамлаш, аҳоли масканлари ва автомагистрал йўлларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасида рақамли шаклда тақдим этилиши орқали 2023 йил 1 декабрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 47 турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинмоқда.

Умуман олганда, электрон ҳукумат – давлат органлари кўрсатаётган хизматларнинг очиқлиги, шаффофлиги, самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида рақамли технологиялардан фойдаланиш усули бўлиб, АКТни қўллаган ҳолда давлат органларининг янада самарали фаолият кўрсатиши, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сифатли хизматлар кўрсатиш тизимидир. Зотан, мазкур тизим давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупцияни олдини олиш баробарида бутун мамлакатнинг умумий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси

Киритилди: 19:48 28.10.2023. Ўқилди: 2445 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!