«Рома» Иван Юрични бош мураббий лавозимидан бўшатди.
Хорватиялик 49 ёшли мутахассис 18 сентябр куни Даниэле де Россининг ўрнига тайинланганди. Унинг қўл остида жамоа бор йўғи 12 ўйин ўтказиб, 4 ғалаба, 5 мағлубият ва 3 дуранг қайд этди.
«Биз Иван Юричга сўнгги бир неча ҳафтадаги машаққатли меҳнати учун раҳмат айтамиз. У қийин вазиятни ўта профессионаллик билан ҳал қилди ва бунинг учун ундан миннатдормиз. Келажакда унга энг яхши тилакларни тилаймиз.
Янги бош мураббий излаш аллақачон бошланган, унинг номи яқин кунларда эълон қилинади», — дейилади «Рома» хабарида.
Олдинроқ «бўрилар» раҳбарияти Роберто Манчинини мураббийликка таклиф қилмоқчи эканлиги ва Клаудио Раниери муқобил вариантлардан бири сифатида кўрилаётгани ҳақида хабар берилганди.