Бугун 5 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Эль-Фашердаги фалокат давом этмоқда

Эль-Фашердаги фалокат давом этмоқда

Суданнинг ғарбида жойлашган ва Шимолий Дарфур вилоятининг маъмурий маркази бўлган Эль-Фашер шаҳри Тезкор реакцияга жавоб берувчи кучлар (ТРК) назоратига ўтганидан буён бир ойдирки, тўхтамаса давом этаётган фалокат шароитида яшамоқда.

ТРК назорат ўрнатганидан сўнг, ўн минглаб одамлар қўрқувдан ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, бу эса минтақадаги оғир гуманитар вазиятни янада кескинлаштирди.

🇺🇳 БМТ маълумотларига кўра, ҳарбий можаролардан аввал Эль-Фашер аҳолиси 260–300 минг киши атрофида бўлган. Ҳозир эса минглаб одамлар бедарак йўқолган ёки ҳибсга олинган ҳисобланади.

26-октябр куни, 2024-йилнинг май ойидан бери қамалда турган Эль-Фашер тўлиқ ТРК назоратига ўтди. 18 ойлик қамал давомида юз минглаб одамлар тўлиқ қамалда қолди, озиқ-овқат ва дори-дармон захиралари тугади, аҳоли тирик қолиш учун ҳатто ҳайвонлар учун мўлжалланган озуқага суянган ҳолда яшашга мажбур бўлди.

Гарчи жанглар овози сусайган бўлса-да, ҳаёт одатдаги ҳолатига қайтмади. Шаҳарда қолганлар ичимлик суви танқислиги, электр энергиясининг йўқлиги ва тиббий ёрдам олиш имкониятининг бутунлай мавжуд эмаслиги билан юзма-юз қолмоқда.

Шаҳарда вазият ҳануз беқарор, алоқа воситалари деярли ишламайди, коммунал хизматлар мавжуд эмас, соғлиқни сақлаш тизими буткул вайрон бўлган. Кун сайин тобора кўпроқ одамлар шаҳардан қочишга мажбур бўлмоқда. Гувоҳларнинг айтишича, шаҳар деярли бутунлай бўшаб қолган, ҳаёт белгиларини учратиб бўлмайди, бозорлар ва дўконлар тўлиқ ёпилган.

26-октябр куни шаҳар қўлга олингач, “Тезкор реакцияга жавоб берувчи кучлар” (ТРК) жангчилари тинч аҳолини отиб ташлагани, юк машиналари билан босиб кетгани ҳамда қочишга уринган одамларга дронлар орқали ҳужум қилгани ҳақида хабарлар мавжуд.

2023-йил 15-апрелдан бери Судан армияси ва ТРК ўртасидаги шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда. Можаро натижасида 14 миллиондан ортиқ одам ўз уйларини тарк этиб, мамлакат ичида кўчирилган ёки чет элга қочқин сифатида чиқиб кетган.

Судан армияси пойтахт Хартум ва марказий ҳудудларни назорат қилса, ТРК кучлари мамлакатнинг ғарбий қисмида жамланган.

Киритилди: 11:04 01.12.2025. Ўқилди: 663 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!