Эквадор суди собиқ президент Ленин Моренони мамлакатнинг энг йирик гидроэлектр станцияси (ГЭС) қурилишида пора олганликда айбдор деб топди. 73 ёшли Морено 5 йилга қамалди. Энди унга келажакда бирор давлат лавозимида ишлаш умрбод тақиқланади. Бош прокуратура бу иш бўйича терговни 2023 йил март ойида бошлаган эди.
Тергов маълумотларига кўра, Морено ва унинг оила аъзолари коррупция тармоғига алоқадор бўлган. Шунингдек, уларнинг маҳаллий ва хитойлик ҳамкорлари, жумладан, Хитойнинг Китодаги (Эквадор пойтахти) собиқ элчиси ҳам бу ишга аралашган. Ушбу иш Coca Codo Sinclair ГЭСи қурилиши билан боғлиқ. Бу ГЭС 2016 йилда ишга тушган. Ўшандан бери унда доимий техник муаммолар кузатилмоқда.
Собиқ президентнинг рафиқаси ва қизи ҳам айбдор деб топилди. Унинг икки акаси ва янгалари ҳам жавобгарликка тортилди. Уларнинг барчаси 2 йил-у 6 ойга қамалди. Хитойнинг Китодаги собиқ элчиси Сай Рунго ҳам 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Аслида, прокурорлар Морено ва яна 19 нафар айбланувчи учун 6 йилдан ортиқ қамоқ жазоси сўраган эди.
Бош прокуратурага кўра, Хитойнинг Sinohydro компанияси сохта маслаҳат шартномалари орқали пора бериб келган. Улар 2009—2018 йиллар давомида жами 76,1 миллион доллар атрофида пора тарқатган.
Терговчиларнинг таъкидлашича, бу пуллар аввал чет элдаги банк ҳисобларига тушган. Кейин солиқлардан холи ҳудудлардаги (офшор) сохта компаниялар орқали Моренонинг оиласи ва ҳамкорларига етказиб берилган.
Прокуратуранинг билдиришича, Морено 2007—2013 йилларда вице-президент лавозимида ишлаган. Айнан шу йилларда Морено ва унинг яқин қариндошлари 1 миллион доллардан ортиқ пул олган. Морено 2017 йилдан 2021 йилгача Эквадор президенти бўлган.